АҚШ президенти Дональд Трамп Apple компаниясидан жиноятчилар телефонларига кириш имкониятини беришга чақирди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». У компанияни савдо масалаларида ҳукумат ёрдамидан фойдаланаётганини таъна қилди ва Apple ўз мамлакатига ёрдам бериш учун ён босишга тўғри келишини айтди.

Фото: Reuters

«Биз Apple’га савдо ва бошқа кўплаб масалаларда ёрдам берамиз, шунга қарамай улар қотиллар, гиёҳванд моддалар сотувчилари ва бошқа жиноятчилар фойдаланган телефонларни блокдан чиқаришдан бош тортмоқда», — деган Трамп Twitter’даги саҳифасида.

Хабарда айтилишича, яқинда бош прокурор Уильям Барр Флоридадаги ҳарбий базада отишма содир этган террорчи телефонини блокдан чиқаришда ёрдам беришдан бош тортгани учун Apple’ни танқид қилган. У компаниянинг тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётганини айтган. The New York Post’нинг бош прокурор ёрдамчиларига таяниб хабар беришича, Apple аслида терговчиларга қуролланган одам билан боғлиқ булутли маълумотларга кириш имкониятини тақдим этган.