Япониянинг Toyota автомобиль корпорацияси Американинг Joby Aviation аэрокосмик компаниясига 394 миллион доллар инвестиция киритади. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.

Фото: L Joby’s eVTOL

«Коммерсантъ»нинг ёзишича, улар электр билан ишлайдиган учар транспорт воситаси яратишда ҳамкорлик қилади. Умумий ҳисобда Toyota ва бир қатор компаниялар 590 миллион доллар сармоя киритмоқда. Калифорнияда жойлашган Joby Aviation жами 720 миллион доллар тўплаган.

«Автомобиль бизнеси бўйича фаолиятимизни давом эттирсак-да, ҳаво транспорти — Toyota учун узоқ муддатли мақсад. Бу келишув нигоҳимизни осмонга қаратади», — деган Toyota президенти Акио Тоёда.

Joby Aviation вертикал учиб-қўниш имконига эга ҳаво кемалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Улар бутунлай электрда ишлайди. Toyota’да таъкидланишича, бундай транспорт воситаларидан шаҳарларда ҳаракатланиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Хабарда айтилишича, 2019 йилнинг ўрталарида Uber Австралиянинг Мелбурн шаҳрида, шунингдек, АҚШнинг Даллас (Техас) ва Лос-Анжелес (Калифорния) шаҳарларида ҳаво таксисини йўлга қўйиши маълум қилинган. Австралияда биринчи тажриба парвозлари 2020 йилдаёқ амалга оширилиши мумкин, 2023 йилга келиб  эса тўлиқ миқёсда парвозлар режалаштирилган.