15:29, 17.01.2020 // 44059

«Қурувчилик хавфли соҳа. Юнусободдаги фожиа бунинг яққол мисоли». Қурувчи амаки ҳикояси

«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони – йигирма уч йилдан буён устачилик қилиб келаётган киши.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра унинг исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Исмим Дилшод. Баҳорда 50 ёшга кираман. Асли водийданман. 23 йилдан буён устачилик қиламан.

Фото: «Дарё»

Шогирдларим билан биргаликда уйлар қурамиз. Ҳозир уларнинг сони олтидан ошган. Лекин катта-катта иморатларни қуриш учун ишчи кучи кўп керак бўлади. Шунда қишлоғимиздаги таниш уста йигитларни, қариндошларни ҳам ёрдамга чақираман.

Асосий ишим – ғишт териш, бетон қуйиш, сувоқ, «стяшка» қилиш. Биз уйни тайёрлаб бошқа ишга ўтиб кетаверамиз. Гипсокартон, обой, уйнинг ҳар хил безак ишларини бошқа шогирдларим қилади.

Фото: Google Images

Ёшлигимда ўқиш ҳаракатини қилганман, лекин оилавий шароитимиз бўлмаган. Чунки оилада етти фарзанд эдик. Мени ўқитишга ота-онангнинг имкони йўқ эди. Шундан кейин устачиликни ўрганишни бошлаганман. Аниқроқ қилиб айтганда, устачилик касбини танлашга мажбур бўлганман.

Адашмасам, ўшанда 1997 йил эди. Ҳарбий хизматдан келганимдан сўнг бир неча йил давлат қурилиш ташкилотларида ишладим, маоши қониқтирмагандан кейин ўзим мустақил устачилик қилишни бошладим. Худога шукр, ҳозир ҳаммаси яхши. Шогирдларим билан қанчадан қанча иморатларни қуриб битказдик. Одамларнинг раҳматини эшитдик.

Қанча кўп ишласак, шунча топаверамиз

Ишимизнинг асосий талаби — меҳнат. Ишимизга қараб ҳақ олаверамиз. Бирда оз, бирда кўп. Қисқа қилиб айтганда, ҳозирги кунда ойига ўртача 3,5 миллион атрофида пул топаман. Илгари ёз ойи биз қурувчилар учун «сезон» пайти эди. Қишгача ҳаракатимизни қилиб топадиганимизни топиб олардик. Чунки совуқда бетон қуйиб, уй қуриб бўлмасди. Фақат уйнинг безак ишлари қилинарди. Лекин ҳозир фарқи йўқ. Бетонга қўшиладиган баъзи бир сувлар бор. Шу маҳсулотлар билан қаҳратонларда ҳам бемалол қуйиляпти. Ҳаммаси яхши чиқяпти.

Фото: «Дарё»

Бизга Тошкентдан кўп заказ бўлади. Шунинг учун асосан бу ерда ишлаймиз. Масалан, кимнидир уйида ишлаб одамни кўнглидагидек қуриб берсак у дўстига, қариндошига танишига бизни тавсия қилади. Шу боис Тошкентда «клиент»ларимиз кўп.

Кўпчилик усталарни ноинсоф дейди

Беш қўл баробар эмас деганларидек, ҳар кимнинг фикри бор. Қурувчилар ҳақида ҳар ким ҳар хил гапиради. Тўғри, катта ваъда бериб, лекин бажаролмайдиган усталар кўп. Пулни олиб ишини кўнгилдагидек қилиб беролмай, ташлаб кетганлар бор. Лекин ўзим мисолида айтадиган бўлсам, 2-3 йилдан бери бировнинг ҳаққига хиёнат қилмай ишини сифатли қилиб беришга ҳаракат қилганмиз.

Лекин шундай одамлар бор, иши битганидан кейин келишилган пулни устага камроқ бериш учун ҳар хил гап қилади. Ёки кейинроқ бераман деб пулни йиллар давомида бўлиб-бўлиб беради. Оз-оздан берилган пулнинг баракаси бўлмайди. Уста ҳам бундан норози бўлади.

Айримлар ниманидир мўлжаллаб, қурилиш қилади. У савдогар бўлса савдоси ўхшамай қолади. Уста ҳам оладиган пулига қараб режасини қилади. Пул вақтида берилмасдан уста ва мижоз ўртасида келишмовчиликлар бўлиши мумкин.

Ёшингиз улғайгани сари одамлар билан мулоқот қилавериб уларнинг фикрини ўқийдиган бўлиб қоласиз экан. Мижоз билан суҳбатлашаётиб, унинг гап сўзига қараб тўғри келмаса индамай кетаверамиз.

Фото: «Дарё»

Устачиликда кўнгилсизликлар кўп бўлади

Ишимизда соғлиғимиз билан боғлиқ кўнгилсизликлар бўлиб туради. Юнусободдаги метро фожиаси бунинг яққол исботи.

Албатта, бу ҳам қурувчининг қаерда ишлаётганига боғлиқ. Катта-катта иморат қураётган ёки метро қуриш каби хавфли ишлар бўлса, унинг фожиаси ҳам катта бўлади. Уй қуриш ва безак ишларида кўнгилсизликлар енгилроқ бўлади.

Масалан, тепадан йиқилиб тушиши, оёғига мих кириб кетиши мумкин.

Анча йиллар олдин қоронғуда оёғимга мих кириб кетган. Бир ҳафтача оёғимни қийналиб босганман. Очиғини айтаман, жоним оғриса-да, бир жойда ётиб даволанолмаганман. Чунки уй эгасига келишилган вақтда ишини битириб беришимиз керак эди. Вақтдан ютиш учун ишлайверганман. Чунки бу ҳаётда шароит тақозо қиладиган вақтлар бўлади. Уларни бажариш учун соғлиғингиздан ҳам кечишга тўғри келади.

Фото: Google Images

Оилам ҳақида

Оилам ҳақида гапирадиган бўлсам, аёлим уй бекаси. Тўртта фарзандимиз бор: уч қиз-у бир ўғил. Энг катта қизим 17 ёшда, кенжам ўғил, ҳали кичкина. Шу болаларни ўқитиб, келажакда яхши инсонлар бўлиши учун тиним билмай ишлаб юрибмиз.

Улар қишлоқда яшайди. Шароитга қараб уйга ҳар ойда боришга ҳаракат қиламан.

Ишлаётган жойимизда яшаймиз. Овқатимизни қилиб беришади. Айтмоқчи бўлганим, пулим еб-ичишга кетмайди. Топган-тутганимни уйга бериб, кам-кўстларини олиб бериб келаман.

Кичкина ўғлим мени кўп соғинади. Кетаётганимни билиб энди қачон келасиз деб сўрайди. 15 кун ухлаб тур, яна келаман деб овутиб кетаман.

Қисқа қилиб айтганда, ҳаётимдан миннатдорман. Аллоҳга шукр, тўрт мучалим соғ, оиламдагилар соғ-саломат, қўлимда ҳунарим бор. Ҳар доим фаолиятимда яхши инсонларга рўбарў қиляпти. Рисқимни териб, болаларимни боқиб юрибман. Худо менга қанча умр берган бўлса, шу умрни чиройли ва ҳалол яшашга ҳаракат қиламан.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.

Аввалги соядаги одамлар:

Энг кўп ўқилган

Қидирув