«Ўзбеккино» МА буюртмаси билан режиссёр Акром Шахназаров ҳамда продюсер Равшан Норбаев томонидан суратга олинаётган «101-рейс» фильмининг суратга олиш ишлари давом этмоқда.

Айни кунларда 101-рейс жамоаси фильмнинг энг мураккаб эпизодлари суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: «101-рейс» фильми архиви.

Фильм продюсери Равшан Норбаев «101-рейс» фильмининг кечикаётган премьераси, фильм айни вақтда қандай жараёнда эканлиги ҳақида журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида гапириб берди.

Фильмни интизорлик билан кутаётган тамошабин учун кутилганидан ҳам яхши фильм тақдим қилиш мақсадида ишламоқдамиз. Бизда суратга олиш ишлари ва монтаж жараёнлари бир вақтда бошланган эди. 2020 йилда бизни фильмнинг мураккаб суратга олиш ва монтаж ишлари кутмоқда.

Янги Зеландиялик режиссёр Питер Жексон ‘Ҳоббит’ фильмини премьерасидан бир кун олдин ҳам суратга олиш майдонида фильмни суратга олиб, унинг монтаж ишлари билан банд бўлган. Бу дегани у режиссёр муддатга улгурмаган дегани эмас, балки томошабин хоҳишини қондириш мақсадида ўзидан кўнгли тўлмай премьерага қадар ижод билан банд бўлган.

Баъзи бир интернет нашрларида фильмнинг суратга олиш ишлари якунланди деган асоссиз маълумотлар эълон қилинган. Суратга олиш ишларининг асосий қисми якунлангани билан мураккаб эпизодларни энди суратга оламиз.

Равшан Норбаев, «101-рейс» фильмининг продюсери

«101-рейс» фильми продюсери Равшан Норбаев ҳамда фильм режиссёри Акром Шахназаров. Фото: «101-рейс» фильми архиви.

Бир муддат аввал «101-рейс» фильмининг продюсери Равшан Норбаев фильм режиссёри Акром Шахназаров билан келишмасдан, лойиҳани бошқа бир режиссёр давом эттириши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар тарқалган эди.

Фильм продюсери Равшан Норбаев ушбу гапларга қуйидагича муносабат билдирди:

Бу миш-мишларни биз ҳам эшитдик. Мевали дарахтга тош отилади дейишади-ку, аммо бу шунчаки бўлмаган, асоссиз миш-мишлар холос. Борингни кўра олмайдиган, йўқ бўлса бера олмайдиганлар, ўз ташвиши турганда ўзгани хато қилишини кутиб турганлар, афсуски, ҳамма жойда учраб туради.

Режиссёр Акром Шахназаров билан «Ҳамроҳ» фильмининг суратга олиш жараёнларидан буён биргаликда ишлаб келамиз. Худо хоҳласа «101-рейс» фильмидан сўнг ҳам ҳамкорлигимиз давом этади. Ким бунақа гапларни тарқатганини билолмадик, лекин бу бизга жуда қизиқ бўлди.

Равшан Норбаев, «101-рейс» фильмининг продюсери

Фото: «101-рейс» фильми архиви.

Продюсер Равшан Норбаев «101-рейс» фильмининг премьераси ҳақида қуйидаги маълумотларни тақдим этди.

Фильмнинг графика ишлари ҳамда мусиқаси чет элда ёзилиши, бу орқали томошабинга картинани янада таъсирчанроқ қилиб тақдим қилишни мақсад қилганмиз. Шу сабабли чет элдан фильмга ҳамкорлар қидирмоқдамиз.

Фильм премьераси 2020 йилнинг куз фаслида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари фильмнинг чет элда ҳам намойишларини ўтказиш учун ҳамкорлар қидирилмоқда.

Равшан Норбаев, «101-рейс» фильмининг продюсери

Маълумот учун, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам бадиий раҳбарлигида суратга олинаётган «101-рейс» фильми Ўзбекистондаги илк фильм-катастрофа деб баҳоланмоқда. Фильм-катастрофа экстремал ҳодиса фонида юз берадиган воқеа акс этган фильм ҳисобланади.

«101-рейс» бадиий фильми реал воқеага асосланган бўлиб, унда 2001 йил АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида Шимолий Америка ҳаво ҳудудида қийин вазиятда қолган – бортида 180 нафар йўловчи бўлган «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпаниясига қарашли Boeing-757 самолётининг 101-рейс экипажи кўрсатган жасорат ҳақида ҳикоя қилинади. Мазкур фильм «Ravshan Narbayev pictures» студияси томонидан суратга олинмоқда.