Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармасида «2019 йил сарҳисоби ҳамда вилоят ички ишлар органлари фаолияти» мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган хабарларга аниқлик киритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Фото: ЎзА

Жумладан, «Маҳалла» телеканалида намойиш этилган «Воқеа жойи» кўрсатуви атрофидаги муҳокамалар мазмуни, унда баён этилган бадиий тўқималарнинг реал воқеликка мувофиқлиги бўйича телеканал масъуллари томонидан маълумот берилди.

Қайд этилишича, мазкур кўрсатувда 5 ёшли қизчанинг қабри очилиши билан боғлиқ воқеа бундан 33 йил олдин, яъни 1987 йилда Бўка туманида содир бўлган. Кўрсатув давомида бу ҳақда маълум қилинмагани боис томошабинда воқеалар айни пайтда содир бўлган, деган тасаввур пайдо бўлган.

Тошкент вилоятининг Бўка туманида мудҳиш қотиллик аломатлари оммага эълон қилинган.

«Маҳалла» телеканалининг «Воқеа жойи» кўрсатуви ижодкорлари жинсий аъзоларига қиздирилган темир босилиши, омбур билан бадани сиқилиши ва турли қийноқлар натижасида нобуд бўлган 5 ёшли Адолатнинг қабри қайта очилгани саҳналаштирилган фильмни намойиш этди.

Маълум бўлишича, марҳум қизалоқнинг онаси турмуш ўртоғининг рўзғор шароитларини яхшиламаганидан нолиб у билан ажрашишга қарор қилади ва икки қиз фарзандини тирик етимга айлантиради. Орадан вақт ўтгач, қизалоқнинг дадаси уйига бир фарзандли аёлни олиб келади ва уни ўз фарзандларига янги она сифатида таништиради. Бироқ янги она қизалоқларнинг ҳаётига янги қийноқ ва азобларни тақдим этишдан бош тортмайди. Аввалига у қизалоқларга ачиган овқат беради, сўнгра кичик ёшдаги қизалоқ ўзининг тагини ҳўллаб қўйганидан куйиб, уни совуқда кўчадаги устунга боғлаб қўяди. Бу пайтда дада уйда бўлмайди ва бу воқеаларга гувоҳ ҳам бўла олмайди. Тагини ҳўллаб қўйиш ҳолатлари давом этавергани жонига теккан қизалоқнинг ўгай онаси Ўғилой бир куни Адолатнинг жинсий аъзоларига қиздирилган темирни босади ва баданларини омбур билан сиқиб, уни бор важоҳати билан калтаклайди. Қизалоқ оғриқлардан қийнала-қийнала ҳаётдан кўз юмади. Ўғилойнинг ифлосликлари шунда ҳам давом этади.

У ўзининг жиноятини яшириш учун шифокорга 3 миллион пора бериб, Адолатни тутқаноқ касаллигидан ўлди деб ёзиб беришга кўндиради. Орадан 5 кун ўтиб, Адолатнинг бувиси Ички ишлар ходимига набирасининг ўлим вақтида унинг бош қисмида шишиш ҳолатларини кузатганини айтади.

Терговчи эса Адолатнинг қабрини очиш кераклигини айтади. 5 ёшли қизалоқнинг қабри қайта очилади ва экспертиза қилинади. Экспертиза натижалари ҳаммасига ойдинлик киритди. Қизалоқда ҳеч қандай тутқаноқ касаллиги бўлмайди, у калтакланиш натижасида ҳалок бўлгани аниқланади.

Натижада 5 ёшли Адолатнинг умрига зомин бўлган Ўғилойга 14 йил, унинг жиноятини яширишда кўмаклашган шифокорга 4 йил қамоқ жазоси берилади.

Тадбирда тегишли идоралар ҳамкорлигида жиноятчиликнинг олдини олиш, айниқса ёшлар орасида бу иллатга йўл қўймаслик мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Президентнинг 2019 йил 29 майдаги «Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори бунда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Фото: ЎзА

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жиноятчилик таҳлилидан келиб чиқиб, 5 та ички ишлар бошқармаси, 16 та бўлими ҳамда уларнинг таркибидаги 34 бўлинма қайта ташкил этилди. Тизимда қўшимча 200 штат бирлиги жорий этилди. Шунингдек, 26 нафар хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор штат бирлиги ҳам жорий этилди.

Натижада 2019 йил мобайнида содир этилган умумий жиноятлар 2018 йилга нисбатан 7 фоизга, шу жумладан, жиноят-қидирув йўналишидаги жиноятлар 9 фоизга камайган.

Шу даврда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 25,6 фоизга камайишига эришилган. Вилоятда мавжуд 1030 фуқаролар йиғинининг 37,3 фоизида умуман жиноят содир этилмаган.

Анжуманда мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.