Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Макка ҳамда Мадина муқаддас шаҳарларини зиёрат қилди. Қўшиқчининг Instagram’даги саҳифасида турмуш ўртоғи Мансур Агалиев билан бирга намоз ўқиётгани акс этган суратлар юкланган.

Фото: Instagram/@yulduzibragimovnausmonova

Юлдуз Усмонова ушбу суратлар қачон ва қаерда олинганига ойдинлик киритмаган. Лекин манзаралар ва ташқи муҳитдан хонанданинг айни кунларда Макка ва Мадина зиёратида юргани тахмин қилинмоқда.

Шунингдек, Усмонова эълон қилган видеода ўзбекистонлик аёлга зиёратлар яхши ўтиши ҳақида тилак билдирилганини томоша қилиш мумкин.

2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг ижтимоий тармоқ орқали ҳадисларни талқин қилиши фойдаланувчиларнинг кескин эътироз ва танқидларига сабаб бўлган, Муслумонлар идораси ушбу вазиятга муносабат билдирганди. Кейинчалик Дин ишлари бўйича қўмитада Юлдуз Усмонова билан учрашув бўлиб ўтган ва бу мавзуга бошқа қайтмасликка келишиб олинган.