Ўтган йил охирида Хоразм вилоят руҳий касалликлар шифохонасида уч ой давомида мажбурий даволанган блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этганини маълум қилди.

Фото: «Gazeta.uz»

«Ҳурматли ватандошлар, мен ўз юртимни тарк этиб кетишга мажбур бўлдим. Буни журъатсизлик ёки қочиб кетиш деб баҳоламасликларингизни, аксинча, тарк этиб кетиш деб билишларингизни хоҳлардим», — деб ёзган у Facebook’даги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, ўтган йил давомида унга бир неча бор босим ўтказилган, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаповнинг Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш кампаниясини ёритгандан сўнг руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани эса унинг ўзгаришларга бўлган ишончини йўқотган.

Руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилиб, Тошкентга қайтгач, у йўқлигида уйига уч марта руҳий беморлар рўйхатига киритиш учун шифокорлар келган. Нафосат Оллошукурованинг фикрича, уларнинг мақсади уни яна руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштириш бўлган.

Блогер ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Левон Амбарсумов унинг руҳий ҳолати вақтинчалик экани ва сурункали касаллик эмаслигини айтган бўлса ҳам, нима сабабдан уни руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатга ўтказишмоқчилигини сўраган. «Мен Ўзбекистонда блогерлар эркин фаолият кўрсата олмайди, деган қарорга келдим ва бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлдим», — деб ёзган у.

Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этишга ёрдам бергани учун АҚШ элчихонаси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Эзгулик» жамияти, хусусан Абдураҳмон Ташанов, адвокат Умидбек Давлатовга миннатдорчилик билдирган.

«Gazeta.uz»га яқинда берган интервьюсида Нафосат Оллошукурова ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини, аммо у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини билдирганди.