Тошкент шаҳар прокуратурасида 20 январь, душанба куни ОАВ вакиллари учун ташкил этилган брифингда таниқли дизайнер ва хореограф Наримон Олимжонов (Григорян)нинг ўлдиришига оид янги тафсилотлар маълум қилинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Фото: Instagram/@narimongrigoryanofficial

Таъкидланишича, 14 январь, сешанба куни соат тахминан 12:05 да Тошкентнинг Яшнобод тумани Чигил кўчасидаги хонадонда 2018 йил май ойидан буён ижара шартнома асосида яшаб келган 35 ёшли Наримон Григоряннинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган.

Ҳолат юзасидан шу куни Яшнобод  туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

«Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида ушбу қотиллик жинояти 1996 йилда туғилган фуқаро А.А. томонидан содир этилганлиги аниқланди», — дейилади шаҳар прокуратураси ахборотида. Айбланувчи тариқасида сўроқ қилинган А.А. ўз кўрсатмаларида Наримон Григорянни қасддан ўлдириб, пулига эгалик қилиш мақсади бўлганини айтган.

У 13 январь, душанба куни соат тахминан 9:00 да ўз режасини амалга ошириш ниятида уйидан 1 литр баклажкада бензин ва пичоқ олиб чиққан; Наримон Григорянга қўнғироқ қилиб, унинг уйига борган. Хонадонга кирган вақтида ёнидаги пичоғи билан Наримон Григорянни қасддан ўлдирган.

«Гумон қилинувчи шахс уйда бўлган 625 доллар, иккита iPhone, битта электрон сигарета чекиш мосламаси, битта Аирподс наушниги, Наримон Гриогоряннинг Captiva’си калитини олган ва жиноят изларини яшириш мақсадида хонадон ва Наримон Григоряннинг мурдасига бензин сепиб, ўт қўйган. Шундан сўнг хонадоннинг кириш эшигини қулфлаб, чиқиб кетган.

А.А. ўз кўрсатмасида иккита iPhone, Captiva’нинг калити ва пичоқларни ҳодиса содир бўлган Чигил кўчасидан оқиб ўтувчи Қорасув каналига ташлаб юборганини, 225 долларни эса сўмга айирбошлаб, бир қисмини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаганлигига иқрорлигини билдирган.

Жиноят иши бўйича ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, Қорасув каналидан иккита пичоқ, А.А.нинг ёнидан 400 доллар ва 1,06 миллион сўм пул маблағи, битта электрон сигарета чекиш мосламаси ва битта Аирподс наушниги ашёвий далил тариқасида олинган.

Тошкент шаҳар прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Расулжон Ботир ўғлининг маълум қилишича, 17 январь, жума куни А.А.га нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.