Криштиану Роналду ва Лионель Месси ўз жамоалари сафида лига доирасида гол уришга муваффақ бўлди.

Коллаж: «Дарё»

«Ювентус» ҳужумчиси «Парма» дарвозасига иккита тўп киритди. Бу португалиялик футболчи учун А Серия жорий мавсумидаги 16-гол бўлди. 34 ёшли Роналду Европа топ-лигаларида кетма-кет 14 мавсумда 15 та ва ундан ортиқ гол урган илк футболчига айланди. 2006/07 йилги мавсумдан буён Криштиану лига доирасида 414 та гол уришга муваффақ бўлди.

«Барселона» етакчиси Месси эса «Гранада»га қарши ўйинда жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди.

Бу аргентиналик футболчи учун 2020 йилдаги биринчи голга айланди. Бу билан Месси Испания чемпионатида кетма-кет 16 йил гол уришга эришган илк футболчи бўлди.

Европа кучли бешлик лигаларида эса бу борада фақат учта футболчи Мессидан юқори натижа қайд этган. Роналду 18 йилдан буён гол уриб келаётган бўлса, Жампаоло Паццини («Верона») ва Жимми Бриан («Бордо») кетма-кет 17 йил тўп киритишга муваффақ бўлган.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!