«Дарё»да «Ғиждувонда электр узилишлари кўпайди. ‘Бухоро ҳудудий электр тармоқлари’ АЖ ходимининг айтишича бунга вилоят ҳокимлиги тасдиқлаб берган жадвал сабаб бўляпти» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Фото: «Дарё»

«Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖ нинг муносабат билдиришича, об-ҳавонинг кескин совуши ва мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қалин қор ёғиши электр энергияга бўлган эҳтиёжни ошириб, электр таъминотида узилишлар бўлишига сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергиясида узилишлар кузатилмоқда. Жумладан Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳудудларида ҳам вақтинчалик  узилишлар юзага келяпти, - дейилади «Бухоро ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизматининг муносабатида. Носозлик сабаб электр энергиясини етказиб беришда юзага келадиган муаммоли вазиятда ҳудудларни электр энергияси билан тенг миқдорда таъминлаш муносабати билан узилишлар бўйича график тузилади ҳамда ҳокимлик органларига маълумот сифатида тақдим этилади.

«Талимаржон иссиқлик электр станцияси»(ИЭС)да юзага келган носозликларни тез фурсатларда бартараф этиш чоралари Энергетика вазирлиги томонидан назоратга олинган. Носозлик бартараф этилгач, электр энергияси таъминоти яхшиланишини билдирамиз.

«Бухоро ҲЕТК» АЖ матбуот хизмати

Шунингдек, мақолада ҳудуддан сайланган депутат Зикрулло Фузайловнинг маҳалла фуқароларининг ташвишидан бехабар эканлиги ҳам тилга олинганди.

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизматининг «Дарё»га қўшимча қилишича, депутат ҳолат юзасидан ҳудудда бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан учрашган. «Саримозор» кўчаси 45-уйда истиқомат қилувчи Гулбаҳор Сафарова билан ҳам муаммолар юзасидан суҳбатлашган. Ҳудуддаги муаммолар асосида Ғиждувон туман электр таъминоти корхонаси ҳамда Ғиждувон туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасига ўзининг депутатлик сўровини киритган.

«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 8-моддасига мувофиқ тегишли ташкилотлар депутатлик сўровини олган кундан эътиборан унга 10 кундан кечиктирмасдан жавоб юбориши лозим. Зикрулло Фузайлов ўз сўровларида қонуннинг ушбу моддасини алоҳида эътиборга олиб, қайд этиб ўтган», — дейилади таҳририятга тақдим этилган баёнотда.