Январь ойи бошида Эрон пойтахтидан парвозга кўтарилганидан сўнг қулаган Украина йўловчи самолёти ер-осмон туркумига кирувчи қисқа масофага учувчи иккита ракета билан уриб туширилган. «Корреспондент»нинг ёзишича, Эрон Фуқаро авиацияси ташкилотининг иккинчи дастлабки ҳисоботига таяниб, Bloomberg хабар берди.

Фото: АP

Унга кўра ракеталар шимолдаги «Тор-М1» зенит ракета тизимидан учирилган.

Шунингдек, унда қуйидагилар келтирилган:

  • самолёт Теҳрондан маҳаллий вақт билан соат 6:12 да учган ва 8,1 минг фут (2,47 километр) баландликда авиадиспечер билан алоқани йўқотган;
  • самолёт иккинчи даражали радардан соат 6:15 да, асосий радардан эса 6:18 да йўқолган;
  • самолёт аҳоли турар жойи яқинидан учиб ўтиб, маҳаллий боғга қулаган. Самолёт футбол майдони, дала ва боғ бўйлаб ҳаракатланаётиб бўлакларга бўлиниб кетган.
  • парвоз ҳақида маълумот ва учувчилар кабинасидаги овозларни ёзиб олувчи регистратор дунёда энг илғор қурилмалардан бири бўлиб, Эронда унинг кодини очишнинг имкони йўқ.
  • авиаҳалокат сабабларини ўрганувчи Франция ва Америка агентликлари қора қутини расшифровкалаш учун зарур қурилмаларни Эронга юборишдан бош тортди.

Эслатиб ўтамиз, «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Киевга учаётган Boeing 737 самолёти 8 январь куни Теҳрон аэропортидан ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қулаган эди. Ҳодиса оқибатида 176 киши ҳалок бўлган. Эрон Украина самолётини хатолик сабаб уриб туширганини тан олди. Уни душман нишони деб ўйлашган.

12 январь куни Исломий инқилобий муҳофизлари корпуси Украина самолёти ҳалокати учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Эрон уриб туширилган Boeing қора қутиларини Францияга топширишини маълум қилган.

Украина президенти Владимир Зеленский «Украина халқаро авиалиниялари»нинг Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетаси билан уриб туширилишида айбдор бўлганларнинг бари жавобгарликка тортилишига ваъда берди.