Кечагина, 20 январь куни Абдулла Арипов раислигидаги аввалги ҳукумат ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини Сенатга маълум қилган эди. Орадан 24 соатдан камроқ вақт ўтиб, янги Ўзбекистон яна бош вазирлик бўлди — лекин бош вазир эски, кечаги Абдулла Ариповнинг ўзи. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди ахир. Парламент сайловлари якунига кўра бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган ЎзЛиДеП 18 январдаёқ Президентга Абдулла Арипов номзодини тақдим этиб бўлганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бирор манбада Президент бу таклифни рад этгани, Ариповдан бошқа номзодни кўрсатишни сўрагани ҳақида гап-сўз чиққани йўқ, тўғрими? Буёқда бирор бир партия, масалан, ЎзХДП чиқиб: «Биз Очилбой акамиз бош вазир бўлишларини хоҳлаймиз», дегани ҳам йўқ (деёлмайди ҳам, бунинг учун парламент сайловларида ғолиб чиқиш лозим). Боз устига, биз партияларимиздан бундай кутилмаган ҳаракатларни кутмаймиз ҳам ва тўғри қиламиз, акс ҳолда, «Миллий тикланиш» партияси етакчиси: «Парламент сайловида ғалаба қозонсак, биз ҳам бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини кўрсатмоқчи эдик», деган гапини эшитган вақтимиздагидек хафсаламиз пир бўларди.

Хуллас, ҳаммаси кутилганидек бўлиши деярли аниқ бўлса-да, атрофда баҳс-мунозара ўзича давом этаверади: «Балки у бўлмас, бошқасининг номзоди кўрсатиб қолинар, тўсатдан?», «Ўзим эшитдим, алмашармиш, ўрнига бошқасини қўйишармиш», «Депутатлар бошқачароқ нуқтаи назар билан чиқиб қолар?» ва ҳоказо, ва ҳоказо. Аммо янги сайланган депутат ва сенаторларимизга гап йўқ — «кутилмаган ҳаракат қилмаслик» борасида «билдирилган юксак ишонч»ни оқлаб, ортиқча интрига-ю сенсацияга имкон қолдирилмади. Ким билсин, балки Абдулла Арипов номзодига бирорта депутат ёки сенаторнинг қарши овоз бермаганининг ўзи, балки, «кутилмаган воқеа»дир?

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун: Олий Мажлис палаталарининг 21 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида иштирок этган 150 нафар депутатдан 148 нафари Абдулла Арипов номзодини маъқуллаб овоз берди. Бир депутат бетараф қолган бўлса, яна бири овоз беришда иштирок этмаган. 97 сенатордан 94 нафари ҳам Абдулла Арипов номзодини маъқуллади — 3 сенатор овоз бермаган.

Тан олиш керак, баъзан қоидадан ташқари истисно ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Бундан беш йил аввал сайланган янги парламентнинг илк қўшма мажлисида 100 нафар сенаторнинг бари Президент томонидан тавсия қилинган бош вазирликка номзодни 100 фоиз қўллаб-қувватлаган, аммо 150 нафар депутатдан бири номзодга қарши (бетараф эмас, айнан қарши!) овоз берган эди.

Халқ шоирлари томонидан «қора туш» деб таърифланадиган ўша даврдаги бу воқеадан кенг жамоатчилик «Ахборот»нинг сониялик лавҳаси орқали хабар топган, шундан сўнг интернетда «Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир депутати Шавкат Мирзиёевнинг бош вазир бўлишига қарши чиқди» деган сарлавҳалар пайдо бўлганди.

Ўшанда халқ вакили «қарши» овоз бериш тугмасини, балки, адашиб, ҳаяжонда шошилиб босиб юборгандир. Лекин биргина шу факт 2015 йилги жараённи ёдда қоларли тарихий воқеага айлантирганини рад этиб бўлмайди. Дарвоқе, 2019 йилги парламент сайловида овоз беришга чиққан сайловчилар сонининг ҳар доимгидан ҳам кам бўлгани рақамларнинг ҳаққонийлигига бўлган ишончни оширди. «Сайловчиларнинг ишончга сазовор сони»га ўхшаш ҳолатни, депутат ва сенаторларимизнинг самимийлиги ҳамда Абдулла Ариповнинг салоҳиятига шубҳа билдирмаган ҳолда, эҳтимол, қолган жабҳаларда ҳам йўлга қўйиш ҳақида ўйлаб кўриш керакмикин, деган мулоҳаза бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳар не бўлганда ҳам, Президентга 89 фоиздан камроқ овоз берган халқнинг вакиллари бош вазирликка номзод шахсга салкам 97 фоиз овоз бериши — четдан, юмшоқ қилиб айтганда, бироз ғалати кўринади (худди шу номзодга халқ вакиллари 2016 йили 100 фоиз овоз бергани ҳисобга олинмаса, албатта).