АҚШ давлат котиби Майк Помпео Колумбиянинг Caracol TV телеканалига берган интервьюсида АҚШ Венесуэлада ҳокимиятни ўзгартириш лойиҳаси устида иш олиб бораётганини айтди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». Унинг айтишича, Вашингтон томонидан кўрилган чоралар етарли эмас.

Фото: EPA

«Афтидан бу ҳали ҳаммаси эмас… Биз бир лойиҳа устида ишлаяпмиз, натижада Мадуро кетиб, Венесуэла халқи эркин ва адолатли сайлов ўтказиши мумкин бўлади. Бундай натижага эришиш учун Жанубий Америка, Марказий Америка, Европа — дунёнинг барча мамлакатлари вакиллари билан мулоқот олиб боряпмиз», — деган Помпео.

У, шунингдек, Николас Мадуро Венесуэла халқи «ўз ватанини, озодликни қанчалик севишига ва ундан нафратланиши»га етарлича баҳо бермаётганини таъкидлаган.

Майк Помпео сўзларига кўра, венесуэлаликлар ўзларига муносиб нарса — «озод ва демократик Венесуэла»га эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг январь ойида Венесуэлада давлат тўнтаришига уриниш бўлди. Мухолифатчи Хуан Гуайдо ўзини Венесуэланинг вақтинчалик президенти деб эълон қилди. Уни АҚШ, Канада ва Бразилия, Аргентина каби Лотин Америкасининг кўплаб давлатлари ҳамда Европа иттифоқининг аксарият давлатлари қўллаб-қувватлаган.

Россия, Хитой, Куба ва Мексика эса амалдаги президентни қонуний деб ҳисобламоқда.