Осиё Чемпионлар Лигасининг плей-офф босқич ўйинлари 21 январь, сешанба куни старт олади.

Фото: ОФК

Тошкентнинг «Локомотив» клуби ўз майдонида Тожикистоннинг «Истиқлол» жамоасини қабул қилади. «Локомотив» стадионида бўлиб ўтадиган баҳс 15:00 да бошланади.

Плей-офф битта ўйиндан иборат бўлиб, мазкур жуфтлик ғолиби Саудия Арабистонида «Ал-Аҳли»га қарши гуруҳ йўлланмаси учун кураш олиб боради. «Локомотив» ҳар икки ўйиндан муваффақиятли ўтган тақдирда қуръа натижаларига кўра, А гуруҳидан ўрин олади.

«Бунёдкор» ҳам ушбу босқичдан ўз юрушини бошлайди. Вадим Абрамов шогирдлари 22 январь, чоршанба куни Ироқнинг «Аз-Завра» жамоасига қарши Тошкентда ўйин ўтказади. Беллашув 14:00 да бошланиши режа қилинган.

Бу учрашув ғолиби Бирлашган Араб Амирликларида «Ал-Айн»га қарши баҳс юритади. «Қалдирғочлар» бу босқичдан ўта олса, у ҳолда «ўлим гуруҳи» дея аталаётган «Д» гуруҳидан ўрин олади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё Чемпионлар Лигасининг 2020 йилги мусобақасида Ўзбекистон клубларига «1+2» квота берилган. «Пахтакор» тўғридан тўғри гуруҳ босқичида қатнашса, «Локомотив» ва «Бунёдкор» саралаш ўйинларида иштирок этади.

ОЧЛ—2020

Плей-офф босқичи

21 январь, сешанба

15:00. «Локомотив» (Ўзбекистон) — «Истиқлол» (Тожикистон)

22 январь, чоршанба

14:00. «Бунёдкор» (Ўзбекистон) — «Аз-Завра» (Ироқ)

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!