Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари мамлакат бош вазири лавозимига Абдулла Арипов номзодини тасдиқлади. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

Абдулла Арипов яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракатлар дасутурини ўқиб берди. Шундан сўнг бир гуруҳ депутат ва сенаторлар бош вазир лавозимига номзоди қўйилган Абдулла Ариповнинг ўтган даврдаги фаолияти борасида ўз фикрларини билдирди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Муса Ерниязов, Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Файзиева, Самарқанд вилояти ҳокими, сенатор Эркинжон Турдимов, Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов, Андижон вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Абдураҳмонов, ЎзЛиДеП етакчиси Актам Ҳайитов, ЎзХДП етакчиси Улуғбек Иноятов, «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров фикр билдирди.

Қўшма мажлисда қатнашаётган 150 нафар депутатдан 148 нафари, 97 сенатордан 94 нафари Абдулла Арипов номзодини маъқуллаб овоз берди. Бир нафар депутат бетараф қолган, яна бири овоз бермаган; сенаторлардан уч киши овоз бермаган. Депутатлар орасида ҳам, сенаторлар орасида ҳам қаршилар бўлмаган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарининг 21 январь кунги қўшма мажлисида бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини тавсия этгани ҳақида хабар берилган эди.

Ундан аввалроқ, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгашининг 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини Ўзбекистон Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

ЎзЛиДеП 2019 йилги парламент сайловлари якунларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида энг кўп — 53 та депутатлик ўрнини эгаллагани боис бош вазир номзодини илгари суриш ҳуқуқини қўлга киритган эди.

Қайд этиш жоиз, Абдулла Арипов раислигидаги аввалги ҳукумат 20 январь куни Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишини маълум қилган эди.