Тошкент шаҳрида бугун, 21 январь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бошланди. Унда 97 нафар сенатор ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати қатнашмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

Мажлисда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатнашмоқда. Кун тартибига кўра қўшма мажлисда Президент маъруза қилади. Шунингдек, бош вазир номзодини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилади.

Президент кеча, 20 январь куни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатида алоҳида-алоҳида мажлисларда иштирок этган эди.

Сенатда 20 январь куни бўлиб ўтган мажлисда бош вазир Абдулла Ариповнинг Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ ҳукумат истеъфога чиқарилган эди.

2019 йилги парламент сайлови якунларига кўра энг кўп депутатлик ўрнига эга бўлган ЎзЛиДеП бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини илгари сурган.