21 январь куни Москва вақти билан соат 00:05 да Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган 1/3-уйда ёнғин содир бўлган.

Фото: «Vesti.ru»

Ёнғин натижасида уйнинг 208 квадрат метр майдонда том ва шифт қисми ёниб, қулаган. Бирламчи маълумотга асосан ушбу хонадонда 12 нафар Ўзбекистон фуқароси яшаган.

«Улардан 10 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ва икки нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, жавоб берилган. Улар ‘Гринвуд’ ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган», — дейилади ФВВ ахборотида.

Вафот этган фуқаролар Томск вилояти Асино шаҳридаги туман шифохонаси ўликхонасида сақланмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Шунингдек, Ўзбекистон ФВВ, ТИВ, ИИВ ҳамда ҳудудий консуллик хизматлари билан ҳамкорликда ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритиш ва уларни ватанига олиб келиш бўйича ташкилий ишлар олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилинган ФВВ ахборотида.