Ўзбекистонда 2020 йил 1 апрелгача пенсия ислоҳотининг янги концепцияси тайёрланади. Пенсия жамғармаси вакилларига кўра ушбу санагача ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.

Фото: «Nuz.uz»

Жаҳон банки, ХВФ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳужжат устида иш олиб борилмоқда.

Бошқа давлатларга нисбатан энг кам ҳисобланган пенсияга чиқиш ёши босқичма-босқич ўзгартирилади. Дунёда эркаклар ва аёллар учун ўртача пенсия ёши 62 ёшни, Ўзбекистонда эса 57,5 ёшни ташкил этади. Шунингдек, 7 йилни ташкил этадиган, пенсия тайинлаш учун энг кам стаж босқичма-босқич оширилиши режалаштирилмоқда (Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциясига мувофиқ —15 йил).

2011 йилдан 2019 йилгача Ўзбекистондаги пенсионерлар сони 2,4 бараварга ошди. 2019 йилда улар 339 минг кишига кўпайди. Бунда расман иш билан банд аҳоли 4,76 миллион киши, улар иқтисодий жиҳатдан фаол аҳолининг 32,5 фоизини ташкил этади.

— Ўтган йилда пенсияларни тўлаш харажатларининг 9,3 фоизи давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсацияланди. 2019 йилда компенсация миқдори 4 триллион сўмни ташкил этган бўлса, бу йил 8 триллион сўм ажратилиши Сенат томонидан маъқулланган, — деб таъкидлади Пенсия жамғармасининг ижрочи директори Баҳром Ашрафхонов.

Пенсия бадалларини тўлашда аҳоли манфаатдорлигини ошириш учун уч даражали пенсия таъминоти тизимига ўтилиши кўриб чиқилмоқда. Биринчи даражасида энг кам миқдордаги давлат пенсияси тўланиши назарда тутилмоқда. Иккинчи даражасида МБ қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда фоизлар ҳисобланган ҳолда иш ҳақидан муайян суммадаги ажратмалар асосида шахсий ҳисоб варақда жамланган пенсияни тўлаш. Учинчи ҳолатда Пенсия жамғармасига ажратмалар миқдори аҳоли томонидан белгиланади.

Жорий йилда фуқароларнинг пенсия таъминоти тўғрисидаги янги қонун қабул қилинади. Амалдаги қонун 1994 йилда қабул қилинган. Қонунга 26 марта тузатишлар киритилганлигига қарамай унда ҳаволаки нормалар, ўзини оқламаган имтиёзлар ҳам талайгина. Ҳозирга қадар алоҳида соҳа ходимлари, мукофотланган ва унвонларга эга фуқароларнинг рўйхати мавжуд, улар муддатидан олдин пенсияга чиқиш имкониятига эгалар ёки пенсияга юқори миқдорда устамаларни асосланмаган ҳолда олади. Бундай имтиёзлар 642,4 минг кишига берилган.

Идоралараро маълумотлар алмашинувини кенгайтириш мақсадида «Пенсия» дастурий комплексини модернизация қилиш режалаштирилмоқда, бу янги комплекс бўлиши мумкин. Ҳозирги вақтда 2,4 миллион пенсионерлар SMS-хабар тизимидан фойдаланади, ЯИДХП орқали ахборот олиш учун бошқа онлайн-хизматлар ҳам жорий этилган, давлат хизматлари марказлари орқали бола туғилганлиги ва дафн маросими учун нафақалар олишга буюртмалар бериш жараёни автоматлаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сон қарори билан тасдиқланган низомда Ягона миллий меҳнат тизимида жисмоний шахслар ўзининг ўтган даврлардаги меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда жойлаштиришга ҳақли эканлиги назарда тутилган. Бунда киритилган маълумотлар ёзув киритилганидан кейин 15 кун мобайнида Пенсия жамғармаси органлари томонидан верификация қилинади, яъни тасдиқланади.

2020 йил 1 апрелга келиб ушбу маълумотларни киритиш ва уларни верификация қилиш механизми аниқлаштирилади.