Тошкент шаҳар прокуратураси 15 январь куни ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган ва кейинроқ олиб ташланган видеоролик юзасидан тушунтириш берди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда тарқалган роликдаги жасадлар Наримон Григорянга тегишли бўлмаган. Тасвирдаги бир неча мурда ички ўқув машғулотларимизда ёш иш ўрганувчи мутахассисларнинг воқеа жойига чиқиб, уларни малакасини ошириш бўйича ички хизматда тайёрланган роликлар эди.

Операторимизнинг хатоси туфайли бирданига тўртта ролик юкланган. Ички хизматда фойдаланиш керак бўлган ролик техник хатолик сабаб интернет саҳифаларимизда эълон қилинган. Шу боис узримизни сўрадик. Буни ОАВлар бироз нотўғри талқин қилишди.

Роликда дизайнер ҳақида бир оғиз сўз ҳам ёзилмаган. Ҳатто исм-фамилияси ҳам келтирилмаган. Бу техник хатомиз учун бугун яна бир бор узр сўраймиз.

Севара Саиджонова, Тошкент шаҳар прокурори катта ёрдамчиси

Тошкент шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Расулжон Ботир ўғлининг қўшимча қилишича, Наримон Григорян мурдасида ўткир тиғли қурол таъсирида етказилган тан жароҳатидан ташқари биринчи ва иккинчи даражали куйиш жароҳатлари ҳам бўлган.

«Роликдаги жасад Наримон Григорянга тегишли эмаслигини шундан ҳам билса бўлади. Марҳум яшаган хонадон ичида кичик-кичик ҳажмда ёниш ҳолати бор. Аммо уй бутунлай ёнмаган. Чунки эшик-деразалари ёпиқ бўлган», — деди Расулжон Ботир ўғли.