Томск вилоятининг Причулим посёлкасида содир бўлган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етди. Бу ҳақда Россия ФВВга таяниб «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Vesti.ru»

Москва вақти билан соат 07:03 да яна бир марҳумнинг жасади топилган. Бу ҳисоб бўйича ўн биринчи.

Фавқулодда хизматлар томонидан берилган маълумотларга кўра уйдан чиқишга улгуриб қолган икки киши жароҳат олиб, амбулаторияга ётқизилган.

Маълум бўлишича, ёғочларни арралашга мўлжалланган уйда «Гринвуд» ёғоч тайёрловчи компаниянинг 12 нафар ишчиси яшаган. Турли маълумотларга кўра ҳалок бўлганларнинг камида беш нафари Ўзбекистон фуқароси. «Уй ичида кўпроқ одам бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирда бунга аниқлик киритилмоқда», — дейилади ФВВ хабарида.

Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Юсуф Қобулжонов ҳам ушбу маълумотни тасдиқлаган. «Ҳалок бўлганларнинг беш нафари Ўзбекистон фуқароси, уларнинг шахси аниқланмоқда. Биз ҳалок бўлганларнинг жасадини Ўзбекистонга қайтариш учун ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», — дейди Қобулжонов.