Саудия Арабистони қуролли кучлари сафида фақат аёллардан иборат биринчи ҳарбий бўлинма ўз фаолиятини бошлади, дея хабар берди Arab News.

Фото: Arab News

Таъкидланишича, Саудия Арабистони қуролли кучлари штаб бошлиғи генерал Фаёд ар-Рувайли Саудия армиясида биринчи аёл ҳарбий бўлинмасининг фаолиятига старт берган.

2019 йил октябрда Саудия Арабистони ҳукумати аёлларга қуруқлик кучлари, ҳарбий ҳаво кучлари, ҳарбий денгиз кучлари, ҳаво мудофааси кучлари, тиббий хизмат ва стратегик ракета кучлари сафига кичик капрал, капрал, сержант ва штаб сержанти сифатида қўшилишига рухсат берганди.

Саудия Арабистони қироли Салмоннинг ўғли шаҳзода Муҳаммад тахт вориси бўлгандан буён қиролликда жуда кўп ўзгаришлар амалга оширилди. Бу, биринчи навбатда, аёлларнинг жамиятдаги ўрнига таъсир кўрсатди. Аёлларга машина бошқаришга, спорт мусобақаларини томоша қилиш учун майдонларга боришга, армия ва полицияда хизмат қилишга ижозат берилди.