Россиянинг Томск вилояти Асино тумани Причулимский аҳоли яшаш пункти Свобода кўчасидаги бир қаватли ёғочдан қурилган 1/3-уйда юз берган ёнғин қурбонларининг жасади таниб бўлмас даражада куйиб кетган. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси маълумотларига асосланиб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Vesti.ru»

«Қурбонларнинг жасадлари қорайиб, куйиб кетган ҳамда таниб бўлмас даражага келган. Уларнинг шахси генотипик экспертиза ёрдамида аниқланади. Яъни ҳалок бўлганларнинг қариндошларидан қон намунаси олинади ва тана қолдиқлари намуналари билан солиштирилади», — дейилади хабарда.

Ёнғин 21 январь куни юз берди. ФВВ қутқарув бўлинмаси воқеа жойига етиб келганида, олов уйни батамом қамраб олган эди.

Уйнинг 208 метр квадрат майдони ёниб кетган. Ёнғин оқибатида уйнинг томи қулаб тушган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида 11 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари Ўзбекистон фуқаролари.

Икки киши ёнаётган уйдан қочиб чиқишга улгурган. Уларга амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ёниб кетган уйда ҳаммаси бўлиб 14 киши яшаган. Улар «Гринвуд» ёғоч тайёрлаш компанияси ишчилари бўлган

Ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 109-моддаси (Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан кўп шахсларнинг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, уйдаги электр жиҳозларнинг носозлиги ёнғиннинг дастлабки сабаби сифатида кўрилмоқда.