Ижтимоий тармоқларда Андижонда уйдан кўчириш ҳақидаги суд қарори ижросидан норози фуқаро ўзига ўтиб қўйиб юборгани ҳақида хабар тарқалди. Куйиш жароҳатлари билан шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган Хушнуд Ғойибназаров опаси «Effect.uz» билан боғланиб, ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Effect.uz»

«Ҳа, укам кеча кечки соат 18:30 ларда ўз устидан бензин қуйиб ёқиб юборди. Жанжал бўлиб кетди, ёнимда иккита укам ҳам бор эди. Мавлуда деган адвокат опа ёниб кетган укамга қараб, ‘Сен, шу уйни бўшатмасдан мени опамни касал қилдинг, эрталабгача ёки 57 минг (АҚШ доллари) ни топасан ёки мен сени ижро қилиб олиб чиқартириб юбораман. Агар опамга бирор нима бўлса, сени уйингни ёқиб юбораман’, дея тажовуз қилди. Укамни жеркиб ҳам юборди. Бўлди кетинглар, деган сўзимизга ҳам қарамасдан укамни сўкиб ташлашди. Шунда укам ‘опа бир одам ўлиши керакми’, дея савол берса адвокат аёл ‘ўлсанг ўлаверасан’, деган жавобни қайтарди. Укам бензинни қаердан олди билмайман ва қўлидаги бензинни ўзини устидан қуйди-да, гугурт чақди. Одам шу баравар ёняпти, биз уч киши эдик, улар кўпчилик эди. Ҳаммаси қочиб кетди, биз уч киши укамнинг танасидаги ёнғинни ўчира олмаяпмиз. 1 метр баландликда ўт ёнди.

Мажбурий ижро ходимлари машинасига чиқиб, ойнасини беркитиб олди. Мен шунда уларни олдига югурдим ва ойнагини қўлимда уриб синдираман десам, қўлим етмади. Ёрдам қилинглар десам, ҳамма кетиб қолди. Мени қанақадир машина судраб ҳам кетди.

Кейин маҳалла чиқиб, ўтни ўчирди, ўзи ҳам укам 6 дақиқа ёнди. Укам 50 фоизга куйиб кетибди, шифокорлар тайёргарликни кўринглар деди, лекин мана ҳозир яхши бўлиб қолди деб айтишди. Аҳволи лекин ўта оғир. Чунки қизил ўнгач ва юрак атрофи ёниб кетган. Укам ноҳақликка чидай олмасдан ўзига ўт қўйиб юборди. Адвокат опа ёқиш ҳақида гапирмаганда балки у ўзини ёқмасмиди.

Биз мусулмонмиз, аммо кимнидир ёнаётганини кўрсангиз унга ёрдамлашгани шошиламан. Инсон ёняпти, бундай ҳолатни ҳаётимда кўрмагандим. Қайси инсон, МИБ бўладими, ‘участкавой’ бўладими одам ёнаётганда машинани ҳайдаб кетиб қолади. Ахир бу ерда инсоннинг ҳаёти ҳақида гап кетяпти. Агар бу ерда ‘участкавой’ бўлганида вазиятни юмшатган бўларди, укам ўзини-ўзи ёқмасди ҳам. Тез тиббий ходимлари йўқ эди, ҳамма машина кетиб қолди. Укамни қўшнимизнинг ‘Лабo’ машинасига юклаб, тўшакка ўраб шифохонага олиб бордик. Аммо тўшакка ўраганимизда нафас йўллари қисилиб қолган экан. Мен чидолмаяпман, ҳақиқат бор-ку, тўғрими? Ҳақиқат бор-ку».

Маълумот учун, Андижон тумани, Бешбўйноқ МФЙ, Бодомзор кўчаси 140-А уйда яшовчи Хушнуд Ғойибназаров яшаётган уйи билан келиб чиққан муаммолар туфайли МИБ ходимлари гувоҳлигида устидан бензин сепиб ўт қўйиб юборган. Воқеа кеча, 21 январь куни унинг яшаш уйи атрофида содир бўлган. Фуқаро 50 фоиздан кўпроқ даражада куйиб кетганлиги маълум бўлди. Айни пайтда у шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати бошлиғи Фарруҳ Тошпўлатов Андижондаги воқелик хусусида қуйидагиларни маълум қилди:

«Бюронинг Андижон туман бўлими иш юритувидаги фуқаро З.Г. ва унинг оила аъзоларини Андижон тумани, Айрилиш МФЙда уйдан мажбурий тартибда кўчириш ҳамда даъвогар М.Б.ни ушбу уйга киритиш ҳақида ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, шу йилнинг 21 январь куни кечга яқин масъул ходимлар ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун қайд этилган манзилга чиқишган. МИБ ходимлари, шунингдек, даъвогар ва жавобгар иштирокида далолатнома расмийлаштириш жараёнида тарафлар ўртасида келиб чиққан келишмовчилик сабаб ижро ҳаракатлари бир кун кейинга — 22 январга қолдирилади.

Шундан сўнг, МИБ ходимлари ва ижро ҳаракати учун жалб қилинган бошқа шахслар қайд этилган манзилдан чиқиб кетаётган вақтида жавобгар Х.Г. ўзига бензин сепиб, ўт қўйиб юборади. Оқибатда танасининг 45 фоизи куйиб, оғир тан жароҳат билан касалхонага тушади.

Айни пайтда ҳолат бўйича Андижон туман прокуратураси томонидан текшириш ишлари олиб борилмоқда».