ЖАР фуқароси Вернон Крюгер 24 метр баландликдаги симёғочга ўрнатилган вино бочкасида яшамоқда, деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

У бочкага чиқиб олганига икки ойдан ошди. Крюгер ҳали бери тушмоқчи эмас. Эркак учун бу иродани синаш усули.

Эркак 1997 йилда симёғочдаги бочкада ўтириш бўйича рекорд ўрнатган. Ўшанда у 67 кунини бочкада ўтказган. Ундан кейинги рекорд эса 54 кунни ташкил этган.

Крюгер 2020 йилнинг 21 январида ўз рекордини янгилади. Эндиликда у янада каттароқ маррани кўзламоқда. Бу сафар Крюгер ҳеч бўлмаса 80 кун бочкада ўтирмоқчи.

Эркакнинг айтишича, бочкада ўтириш унчалик ҳам ёмон эмас. Крюгернинг смартфони бор, интернетга кириб турибди. Бундан ташқари унинг танаси ҳам бочкада яшашга кўникди. У эрталаб ва кечки пайт гимнастика қилади.

Крюгерга ресторанлардан овқат олиб келиб беришяпти. Буюртма пастдан арқон орқали тепага чиқарилади.

Агар Крюгер қачондир бочкадан тушишга қарор қилса, уни вертолётда олиб кетишади. У бочкага вертолёт ёрдамида чиққан эди.