2019 йил тугаб, XXI асрнинг иккинчи ўн йиллиги ҳам поёнига етди. Ташқарида аллақачон асримизнинг учинчи декадаси бошланган. Хўш, ўтган ўн йиллик илм-фан соҳасида қандай муҳим янгиликлари билан ёдда қолди? «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов сўнгги ўн йилликнинг энг муҳим ўнта илмий ютуғи ҳақида сўз юритади.

2010 йил – илк «сунъий ҳаёт»

2010 йил олимлар табиий ва сунъий нарсалар орасидаги чегарани хатлаб ўта олгани билан фан тарихидан жой олди. Ўшанда Крейг Вентер институти олимлари тарихда илк бор сунъий геномга эга организмни ҳосил қилишга муваффақ бўлганди. Улар Mycoplasma mycoides бактерияси учун сунъий ДНК жуфтликларини алоҳида ҳолда йиғиб чиқиб, кейин уни бундай гендан мосуво қилинган бошқа бир бактерияга жойлаштирди. Натижада ушбу бактерия сунъий геном билан яхлит организм кўринишида яшай бошлади ва унда белгиланган инструкцияга кўра ҳаракатланишга киришди. Мазкур сунъий геномли Mycoplasma mycoides бактерияси худди табиий турдошлари сингари кўпайиб, яшашда давом этди.

Фото: Google Photos

Олимлар кейинчалик бу борадаги муваффақиятларини янада илғор натижалар билан давом эттирди. Чунончи, 2016 йилда энди улар 473 та гендан иборат биринчи синтетик микробни ҳосил қилган бўлса, 2017 йилда бактериянинг нақ бешта хромосомасини синтетик аналогига алмаштиришга муваффақ бўлди. Мазкур илмий гуруҳнинг якуний мақсади – муайян аниқ вазифаларни бажаришга мослаб «дастурлаш» ва бошқариш мумкин бўладиган сунъий микроорганизмларни ҳосил қилиш. Бунинг натижасида антибиотикларнинг фақат зарарланган ҳужайраларга мақсадли етиб борадиган турлари олиниши ёки озиқ моддалар сунъий ўстирилишига эришилиши кўзда тутилган. Хусусан, илмий гуруҳ, масалан, гўштни лаборатория шароитида «ўстириш» мумкин бўлишига ишонмоқда.

2011 йил – ОИТС терапияси

Ҳозирда дунё бўйича ОИТС билан зарарланиш хатари остида яшайдиган ва ишлайдиган минглаб одамлар вирусни юқтириш хавфини камайтирувчи препарат қабул қилмоқда. Бу препарат 2012 йилда сотувга чиқарилган бўлиб, унинг илк клиник тажриба ютуқлари 2011 йилда олинган эди. Ўшанда Sciense журнали тадқиқотни «йил муваффақияти» деб эътироф этганди. Препарат ОИТС вируси одамдан одамга юқишининг олдини олиши исботланди. Бу ютуқ ҳақиқатан ҳам 1994 йилдан буён бу борада эришилган ягона илмий-тиббий ютуқ сифатида муҳим (ОИТС онадан эмбрионга юқишининг олдини олувчи препарат 1994 йилда кашф этилган).

Аслида бу борадаги тадқиқотлар 2005 йилда бошланган бўлиб, 2011 йилдаги натижа бу борадаги оралиқ, энг муҳим ютуқдир. Ўша тадқиқотларнинг якуний хулосаси кейинчалик, 2016 йилда эълон қилинди ва унда айтилишича, препарат ОИТС юқтириш хавфини 93 фоизгача камайтиради. Ҳақиқатан ҳам катта ютуқ!

2012 йил – Хиггс бозони

2012 йил июлида Катта адрон коллайдерида ишловчи физиклар жамоаси илм-фан учун ғоят аҳамиятли кашфиёт қилгани ҳақида хабар тарқалди. Улар замонавий физикадаги олам манзараси модели бўлмиш Стандарт моделга етишмаётган элементар субатом заррача – Хиггс бозонини «тутиш»га эришди.

Фото: Google Photos

Хиггс бозонини кўпчилик «Тангри зарраси» номи билан ҳам таниган бўлса-да, унинг мавжудлиги илмий асосланган 1960 йиллардан бери бу борадаги баҳслар тинмаётган эди. Унинг мавжудлигига аксар физиклар ишонса ҳам, 50 йилга яқин вақт ўтса-да, уни биров «кўрмагани» катта шубҳаларга сабаб бўларди.

Хиггс бозони – элементар заррачаларга масса бағишлайдиган субатом заррача бўлиб, 2013 йилдаги текширишлар 2012 йилги натижа тўғри бўлгани, яъни Хиггс бозони ростдан ҳам мавжудлигини исботлади.

Фақат бу кашфиёт физиклар олдидаги саволларни янада кўпайтирди: маълум бўлишича, Хиггс бозони массаси кутилганидан ва ҳисоб-китоблардагидан бироз енгил экан. Бу дегани, ё ҳисоблашда хато бор, ё Хиггс бозонининг ҳам ҳар хил турлари бўлиши мумкин... Хуллас, Адрон коллайдери ҳозирда ушбу масалани ечиш билан шуғулланмоқда.

2013 йил – «Вояжер-1» гелиосферани тарк этди

Коинотга учирилганига 35 йил бўлган «Вояжер-1» сайёралараро автомат космик станцияси ниҳоят Қуёш тизимини тарк этди. Аслида бу воқеа 2012 йил августида рўй берган. Бироқ бунинг илмий далил-исботлари ёрдамидаги тасдиғи фақат 2013 йилда олинди ва олимлар бу мислсиз тарихий ютуқ билан бир-бирини табриклади. Тасаввур қилиб кўринг-а, одам қўли билан ясаб учирилган аппарат Ердан миллиардлаб километр масофага, юлдузлараро фазога етиб борди!

Фото: Google Photos

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, «Вояжер-1» яна 2025–2027 йилларгача Ерга маълумот узатиб тура олади. Кейин эса у бутунлайга жим бўлади. Унинг бортига олтин пластина жойланган бўлиб, унга Ерга оид тасвир, товуш ва хариталар жойланган. Мабодо қачонлардир «Вояжер-1»ни ўзга сайёралик онгли мавжудотлар тутиб олса, улар Ер ва ундаги ҳаёт ҳақида маълумот олиши мумкин бўлади!

2014 йил – гравитация тўлқинлари

Ҳозирда илм-фан коинот бундан 13,7 миллиард йил муқаддам Улкан портлаш оқибатидан вужудга келгани ҳақидаги хулосаси устига қурилган. Бундай хулосага асос бўлган кўплаб далиллар қаторида, ўша портлашнинг акс-садоси ўлароқ коинотда ҳануз замон-макон уйғунлиги мавжланиши – гравитация тўлқинлари мавжуд бўлиши тахмин қилинар эди. 2014 йил фанда бу тўлқинлар қайд этилиши, яъни уларнинг мавжудлиги исботланиши билан ёдда қолди. Бу тўлқинлар таъсирида реликт нурланишнинг қутбланиши ўзгарган. Қутбланишнинг ўзгариши фанда B-мод дейилади. B-модни ўша 2014 йилда Антарктидадаги BICEP2 телескопи қайд этишга муваффақ бўлди.

Ўшандан буён гравитация тўлқинлари биз учун олам сирларини билишдаги яна бир муҳим восита ўлароқ хизмат қилмоқда. Гравитация тўлқинлари табиатини ўрганиш орқали астрономлар қора туйнукларнинг тўқнашув динамикаси ҳамда нейтрон юлдузларнинг қаърида содир бўлаётган ҳодисаларни тадқиқ этмоқда. Боз устига, гравитация тўлқинлари бизга коинотимиз айнан қандай тезлик билан кенгаётганини аниқлашда ёрдам бериши мумкин.

2015 йил – одам эмбрионини таҳрирлаш методи – CRISP

Ўтган ўн йилликнинг тиббиёт соҳасидаги энг катта мунозарали ва шубҳали ютуғи эмбрион генларини таҳрирлаш технологияси – CRISP усулининг яратилгани бўлса керак. Ушбу технология муайян бактерияларнинг ҳимоя механизмларини ўрганиш асносида дунёга келди. Cas9 ферменти билан боғлиқ ва муайян кетма-кетликдаги тартиб билан такрорланадиган генлар тўплами бу усул учун «молекуляр қайчи» вазифасини бажаради.

Фото: Google Photos

Бу усул воситасида олимлар тирик организмларнинг ДНКдаги муайян қисмларни олиб ташлаб, ўрнига бошқаларини жойлаши мумкин. Бу орқали эса турли ирсий касалликлар олдини олиш ва ҳатто керакли кўринишдаги бола туғилишини «даструлаш» мумкин. Албатта, масаланинг ахлоқий тарафи ҳам мавжуд. Умуман олганда, мазкур илмий натижани ҳали катта ютуқ дейиш ҳам мушкул. Чунки ўша 2015 йилда бу борадаги илк маълумотни эълон қилган Хитойнинг Сунь Ятсен университети олимлари таҳрирлаган генли эмбрионлар барибир яшаб қолмади. Шу жиҳатдан, бу натижани фақат қисман муваффақиятли дейиш мумкин холос.

2016 йил – ҳаёт шаклланиши мумкин бўлган жойда жойлашган экзосайёралар

Бизга энг яқин жойлашган экзосайёрани астрономлар 2016 йилда аниқлади. Унгача оралиқ масофа «атиги» 4,2 ёруғлик йилини ташкил қиларди. Энг қизиғи, у юлдузига шундай қулай масофада жойлашганки, ўша сайёрада ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимоли мумкин экан. Албатта, бу Proxima b деб номланган бу экзосайёрада ҳақиқатан ҳам ҳаёт мавжуд дегани эмас. У шунчаки сув суюқ ҳолда барқарор сақланиши учун мос ҳарорат шароитига эга.

Фото: Google Photos

Ўтган йиллар давомида олимлар бу экзосайёрада ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимолини кескин пасайтирадиган бошқа омилларни аниқлади. Хусусан, унинг юлдузидан сайёра томон кучли нурланишлар оқими йўналган бўлиб, бундай кучли радиация остида ҳеч қандай ҳаёт шакли яшаб қолмаган бўларди. Бироқ олимлар худди шунга ўхшаш, ҳаёт учун қулай шароитларга эга бошқа экзосайёраларни ҳам аниқладики, ҳали тадқиқотларнинг қизиқ натижалари бизни ҳайрон қолдиришда давом этиши тайин.

2017 йил – қадимий тошқотган суяк

Homo sapiens, яъни замонавий одам, сиз билан биз мансуб бўлган тур сайёрамизда кезиб юрганига қанча минг йиллар бўлди? 2017 йилда олимлар бу саволга «энг камида 300 000 йил!» деб дадил жавоб бера бошлади. Ундан аввал ийманибгина «200 000 йил атрофида бўлса керак», дейиларди.

Фото: Google Photos

Албатта, бундай дадиллик учун кучли илмий асос бор. Чунки 2017 йили олимлар Марокаш ҳудудидаги ғордан ёши энг камида 300 000 йилга тенг бўлган бешта одам суягининг тошқотган намуналарини топди. Бунгача одамларнинг энг қадимги излари сифатида Шарқий Африка ҳудудидан топилган қолдиқлар эътироф этиларди. Шунга кўра, одамзотнинг бешиги айнан Шарқий Африка деб ҳисобланарди. Эндиликда биламизки, Африканинг ғарбида ундан ҳам ёши катта одамлар бор экан.

2018 йил – дастлабки CRISP-чақалоқ

2015 йилги ген таҳрирлаш технологиясининг илк муваффақиятли қўлланиши 2018 йилда юз берди. Ўша йили илк бор гени таҳрирланган эмбриондан чақалоқ дунёга келди. Бу ишни ҳам хитойликлар амалга ошириб, гени таҳрирланган эгизаклар туғилганини маълум қилди. Уларнинг айтишича, CCR5 гени таҳрирланган қизалоқларда ОИТСга чалиниш хавфи энг паст бўлармиш. Бироқ кейинчалик эълон қилинган маълумотларга кўра, гени таҳрирланган эгизакларда қандайдир номаълум мутация бошланган. Яъни натижа аслида қарама-қарши бўлиб чиқмоқда ва энди бу эгизакларнинг тақдири қандай бўлиши ҳам катта савол остида. Энг катта масала эса бу ишларнинг ахлоқий жиҳати билан боғлиқ. Одам ирсиятига, айниқса, туғилиши кутилаётган болалар тақдирига сунъий аралашиш қанчалик тўғри ўзи? Бунинг оқибати қандай бўлади? Бу саволлар очиқ қолмоқда.

Айтганча, тадқиқотларга бош-қош бўлган ва чақалоқларни мутацияга рўбарў қилган олимнинг ўзи изсиз ғойиб бўлганмиш...

2019 йил – тарихда илк бор қора туйнук кўланкасининг фотосурати олинди

Илм-фанда деярли юз йилдан бери ҳаммани қизиқтириб келган ва одамлар орасида ваҳима уйғонишига сабаб бўлган энг сирли объектлардан бири қора туйнукларлардир. Олимлар қора туйнуклар мавжудлигини аввалига фақат тахмин қилди; кейинчалик ҳисоб-китоблар ва билвосита белгилар орқали мавжудлигини исботлашди ҳам. Лекин қора туйнук аслида қандай кўринишда бўлишини ҳеч ким кўрмаган эди. 2019 йил апрелигача.

Фото: NASA

Ўшанда олимлар нафақат илм-фан оламини ҳайрон қолдирди, илм-фандан йироқ одамлар ўқийдиган сайт ва газеталарнинг ҳам бош саҳифаларини эгаллаган суратни эълон қилди. Бу – тарихда илк бор олинган қора туйнук тасвири бўлиб, ўшанда астрономлар M87 объектига тегишли галактика марказидаги қора туйнук кўланкаси суратини намойиш қилган эди. Ушбу қора туйнукнинг диаметри бизнинг Қуёш тизимимиз диаметри билан таққосласа бўладиган даражада катта бўлиб, эндиликда бу илмий ютуқ эгалари қора туйнукнинг видеотасвирини олиш устида изланмоқда.