Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Tashkent City’даги Халқаро конгресс марказида Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллади. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, турли соҳа вакиллари, шунингдек, Рустам Азимов ҳам иштирок этди.

1991—1998 йилларда Миллий банк раҳбари, 2000—2002 йилларда макроиқтисодиёт ва статистика вазири, 2003—2005 йилларда иқтисодиёт вазири, 1998—2000 йилларда ва 2005—2016 йилларда молия вазири, 2007—2016 йилларда бош вазир биринчи ўринбосари, 2016—2017 йилларда бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган Рустам Азимов 2017 йил 6 июнь куни ҳукуматдаги лавозимларидан озод этилиб, «Ўзбекинвест» суғурта компанияси бош директори этиб тайинланган эди.

Қайд этиш жоиз, Рустам Азимов Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари сифатида нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро майдонда ҳам катта мавқега эга, хусусан, Ўзбекистон делегациялари раҳбари сифатида хорижий давлат ва ҳукумат раҳбарлари қабулларида бўлган, нуфузли халқаро тадбирлар ишида Ўзбекистон номидан қатнашар эди. Шунингдек, 2016 йил 8 сентябрида Олий Мажлис депутатлари ва сенаторларини Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланиши учун овоз беришга чақирган эди.

Ҳукуматдан кетгач, Азимов сиёсий саҳнада умуман кўринмай қолган, ўз вақтида у раҳбарлик қилган молия соҳаси бир неча бор кескин танқид остига олинганди.

Рустам Азимовнинг 2020 йилги Мурожаатномада иштирокини кўпчилик пайқамай қолган. Бу ҳақда, хусусан, «Qalampir.uz» шундай деб ёзади: «Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов билан самимий мулоқот қилган Азимовни қорайган сочлари билан кўпчилик ё эслай олмади, ё пайқамади».

Фото: «Qalampir.uz»