Асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут мавжуд, деди Президент Шавкат Мирзиёев 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси вақтида. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунинг ечими — ички миграцияни эркинлаштиришдир.

Фото: Мадина Нурман / «Дарё»

«Шу боис, парламент ва Ҳукумат 2020 йил 1 апрелга қадар прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши лозим», — дея таклиф қилди Президент. Давлат раҳбарининг ушбу таклифи тадбирга йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

«Бу қарсаклар бу масаланинг қандай қийинлигидан далолат», — деди Шавкат Мирзиёев. Президентнинг таъкидлашича, 30 йил давомида бу масала ҳал қилинмай, фуқароларнинг оёғига кишан қўйилган. «Бу масалани амалга ошириш — бу адолатдан бўлади», — деди у.

«Фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг хоҳлаган жойида бемалол пропискага ўтиб, хоҳлаган жойида бемалол ишлаш бўйича қонуний имкониятни яратмас эканмиз, гап билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.