АҚШнинг Apple корпорацияси Европа парламентининг мобиль телефонлар учун ягона қувватлантириш ускунаси жорий этишга оид таклифига қарши чиқди, деб ёзади «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

Қувватлантирувчи мосламани ўзгартириш зарурати Apple’га ҳар қандай бошқа компанияга қараганда кўпроқ зарар келтиради, чунки Android қурилмалари USB-C порти орқали қувватланади, Apple қурилмалари эса Lighting коннекторига эга.

Apple вакилларининг таъкидлашича, барча турдаги қувватлантирувчи қурилмаларга нисбатан тартибга солиш тизими «инновацияларни бўғади» ҳамда Европада ва умуман иқтисодиётда истеъмолчиларга зарар етказиши мумкин.

Компания вакиллари, шунингдек, Copenhagen Economics consalting агентлиги томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, қувватлантирувчи қурилма турини тартибга солишдаги зарар камида 1,5 миллиард еврога тенг бўлиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтган.

Европа комиссияси ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида бир хил қувватлантирувчи мосламалар жорий этиш тўғрисидаги қонунни илгари суришга ҳаракат қилмоқда: 2009 йилда Apple, Samsung, Huawei ва Nokia 2011 йилда бозорга киришга тайёр бўлган қувватлантурувчи қурилмалар юзасидан ихтиёрий ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди.

Еврокомиссия вакиллари ихтиёрий ёндашув иш бермаётганини таъкидламоқда.