Прописка тизимининг бекор қилиниши иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу фикрни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров шанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб сессиясида билдирди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: «Gazeta.uz»

Вазирнинг айтишича, Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидланган прописка тизимини соддалаштириш масаласи бош иқтисодий назарияларга асосланади — иш одамлар ортидан эмас, одамлар иш ортидан юриши керак.

«Прописка бўйича чеклов бўлгандан кейин, бу тамойил ишламайди. Урбанизация жараёнлари тўхтайди. Шунинг учун, мурожаатнома охирги уч йилда амалга оширилган иқтисодий-ижтимоий, сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлади. Унинг матнига эътибор қилсангиз, ислоҳотларнинг мантиқий кетма-кетлигини кўрасиз», — деди Қўчқоров.

Фото: «Gazeta.uz»

Молия вазири дунёда айрим кам сонли давлатлардан ташқари барча мамлакатларнинг ривожланиш модели бозор иқтисодиёти қоидаларига риоя қилиши ёхуд шуни декларация қилганини таъкидлади. Унга кўра, ўша давлатлар орасида ҳануз қашшоқлик сақланиб қолинган.

«Бозор иқтисодиёти ҳамма масалани ҳал қилмайди. У иқтисодий ўсиш ва фаровонликнинг зарурий шарти, аммо етарли эмас. Демак, бизда зарурий шарт ҳал бўляпти. Мурожаатномада белгиланган вазифалар: прописка, қишлоқ хўжалигида пахта ва ғаллага бўлган давлат буюртмасининг бекор қилиниши, қолаверса, шаффофлик ҳақида кўп гапирилди, коррупцияга қарши янги орган тузиш — буларнинг барчаси охир-оқибат иқтисодиётга тегишли», — дея қайд этди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров.

Молия вазири прописка масаласида ҳуқуқий баҳо бера олмаслигини таъкидлаб, унинг ҳеч жойда қолмаганига урғу берган.

«У бекор қилиниши керак… Нима учун Америка Қўшма Штатларида меҳнат унумдорлиги Европа Иттифоқи давлатларидагидан баландроқ? Чунки аҳоли кўпроқ мобилроқ. Киноларда кўрасизларку, бирор америкалик иш топади, энди ғарбий қирғоқда, Сиэтлда яшайман, деб катта машинага мебелларни юклаб, кўчиб кетади. Бизда 20 йил аввал бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа кўчмаган», — деб фикр билдирди Жамшид Қўчқоров.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳам прописка ҳақида гапириб, уни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан «камситиш, яъни дискриминация» тизими дея баҳо берди.

Фото: «Gazeta.uz»

«Конституциямизда айтиб қўйилганки, ‘Ҳар бир фуқаро эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эга’. Ҳозир бизда икки хил тоифа одамлар бор: Тошкент пропискасига ўтиш ҳуқуқига эга ҳамда оддий фуқаролар», — деди депутат.

Президентнинг қатъий сиёсий иродаси оммага эълон қилингунча, амалдорлар бу ҳақда расман танқидий фикр билдирмаган. Аксинча, прописка талабларини қийинлаштиришни кўзда тутувчи ҳужжат лойиҳаси эълон қилинган эди.