Хитой расмийлари мамлакатда янги турдаги коронавирус авж олгани сабабли ёввойи ҳайвонлар савдоси ва ташилишини ман қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: Reuters

Мамлакатда ёввойи ҳайвонлар кўпайтириладиган барча жойларни иҳоталаш талаб қилинган ва уларни олиб чиқиш, ташиш ва сотишга тақиқ жорий этилган.

Хусусан, қишлоқ бозорлари, умумий овқатланиш муассасаларида ва электрон тижорат платформаларида ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилишнинг барча турдаги шаклларига қатъий тўсиқ қўйилган.

Расмийлар истеъмолчиларни ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилиш соғлиққа таҳдид солиши ҳақида огоҳлантирган ва соғлом овқатланишни тавсия қилган.

«Жэньминь жибао» газетасига кўра, хитойлик олимлар янги турдаги коронавирус Чжэцзян провинциясидаги Чжоушань шаҳрида яшовчи кўршапалаклар организмидаги коронавирусга 90 фоиз ўхшашлигини аниқлаган.