Экспертларнинг фикрича, Хитойда тарқалган коронавируснинг биринчи ташувчиси ёввойи ҳайвонлар бўлиши мумкин. Вируснинг тарқалиш ўчоғи Ухань шаҳридаги бозор — ёввойи ҳайвонлардан пиширилган таомлар сотиладиган жой ҳисобланади, деб хабар берди «Коммерсантъ».

Фото: Reuters

Таъкидланишича, янги вирус айнан шу ердан тарқалган. Хитой ҳукумати коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида ёввойи ҳайвонлар савдосини тўхтатиш бўйича буйруқ берган.

«Барча турдаги ёввойи ҳайвонларни ташиш ёки сотиш буйруқ эълон қилинганидан бошлаб тўхтатилган. Миллий эпидемик вазият тугамагунича савдолар тўхтаб туради», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ухань шаҳаридан тарқалган коронавирусни ҳозирда жами 2 минг киши юқтириб олган. Вафот этганлар сони 80 кишига етди. Хитой раиси Си Цзиньпин вазиятни «мураккаб» деб атаб, касалликнинг тарқалиши тезлашганини маълум қилди.

25 январь, шанба куни, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов янги типдаги коронавирус тарқалаётган Хитойнинг Ухань шаҳрида бўлиб турган 30 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ватанга қайтарилишини маълум қилган. Ундан аввал Хитойда бўлиб турган ва у ерга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларни огоҳлантирган, сўнгра ССВ чегарада санитар назорат кучайтирилганини билдирган, ТИВ фуқароларни хавфли ўткир респиратор вирус юқтириш хавфидан яна огоҳлантирган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 23 январь, пайшанба куни, ўзбекистонликларнинг коронавирус бўйича эпидемик вазиятдан хавотирланишига асос йўқлигини хабар қилган. 24 январь, жума куни, ТИВ коронавирус тарқалган Хитойнинг Ухань шаҳрида 30 нафар ўзбекистонлик борлиги ва уларнинг аксарияти талабалар экани ҳақида маълумот берган.