Тўрт ҳафтадан бери йўқолиб кетган Сарвар уста яна сафимизга қайтди. Нега йўқолганини суриштирсак, сайлов ўтгач, устачилик қилиб ҳамманинг уйини бошқатдан автоном шаклда электрлаштирибди ва газлаштирибди. «Ие, давлатнинг электри ва газини қаерга бекитдингиз?», деган саволимизга «сайловдан кейин мен ҳам электр ва газни қидиряпман», жавобини берди. Шунча иш турганда электр-газ каби майда-чуйдалар билан одамларни чалғитманг, коммун..., йўғэ, буюк кела.. , яна адашдик, ҳа, янги Ўзбекистонни қуриб олсак, муаммонгиз ҳал бўлади, деб ишонтирдик.

Биринчи қора ҳазил

Хўш, йигитлар. Яна блогерлар чемпионати ўтказамизми? Аввалгиларида жуда яйрадинглар, эсимда. Ўйин-кулги қилдинглар. Энди жиловни тортиш вақти келди. Энди чемпионат бошқача бўлади.

  • Учинчи ўринга: қаттиқ огоҳлантириш;
  • Иккинчи ўринга: бешта минималка;
  • Биринчи ўринга: ўн беш сутка.

Иккинчи қора ҳазил

Парламент қуйи палатаси янги қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Кузатувчилар янги қонун мамлакатимиз хавфсизлиги ва тараққиётини таъминлашда аҳамиятлигинини таъкидламоқда. Янги қонун туҳмат ва ҳақорат учун жазо турлари ўзгартирилишини назарда тутади. Лойиҳага кўра:

  • Омма олдида ҳақорат қилган шахсга, оддий фуқаро бўлса, ЭКИҲнинг 40 бараваридан 60 бараваригача жарима солинади;
  • Омма олдида ҳақорат қилган шахсга, блогер бўлса, 10 суткадан 1 йилгача озодликни чеклаш жазоси қўлланади;
  • Омма олдида ҳақорат қилган шахс, ҳоким бўлса, узр сўраш ва Сенатда муҳокама қилиш орқали чора кўрилади.

Учинчиси беҳазил

Узр, буёғи ўзбекчилик. Тилга эҳтиёт бўлиб юринглар, дейди холис экспертларимиз. Диванний аналитикларимиз ҳам буни тасдиқлайди. Ие, ҳа? Нега башарангни қийшайтирасан, блогер? Нуритдинов билан Оллошукуровани эслатавермасдан, катталар гапирганда хўп дегин. Улар нима деса, шу бўлади. Рақамли иқтисодиёт дейсанми? Бўлади у ҳам. Интернет тезлиги бўйича рейтингимиз, электр узилишини гапиришга бало борми? Муҳими, рақамли иқтисодиётни амалга ошириш. Эҳ, рақамли иқтисодиёт қандай яхши нарса. Бўлди, гапни кўпайтирмасдан ишлайлик, ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшайлик.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.