Халқаро пресс клубнинг Президент мурожаатига бағишланган сессиясида Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров эҳтиёжманд оилаларга маҳалла орқали нафақа тайинланиши нотўғри эканлиги ва вазифасини ўтаб бўлганини тан олиб, буни «профессионаллар бажариши керак»лигини билдирди.

Фото: Халқаро пресс клуб

Қўчқоровнинг ўринбосари Шоҳрух Шоаҳмедов Сирдарё вилояти мисолида келтирган ҳолат эса барчанинг кулгисига сабаб бўлди. Маълум бўлишича, вилоятда тажриба тариқасида жорий этилган янги тизим маҳалладан 400 минг сўм атрофидаги нафақа пулини сўраб мурожаат этган оила ихтиёрида Captiva, Malibu ва Nexia борлигини аниқланган.

Бу мисол нафақалар ажратилиши ва сайёр қабуллардаги мурожаатлар билан боғлиқ шунга ўхшаш ажабтовур ҳангомаларни эсга солди.

Чекка туманлардан бирида уйини таъмирлашда кўмак сўраган оилага ҳомий сифатида бириктирилган ташкилот раҳбари ёрдамга отланибди. Уйга бориб, кўздан кечириб, 5 миллион сўмлик ҳисоб-китобни айтса, хонадон эгалари «биз сенга гадоймизми, уйни бошдан-оёқ таъмирлаб берасан», деб ҳайдаб солибди.

Бошқа туманда эса иши битмагани учун «учта боламни ўзларинг боқиб ол!» деб зарда қилиб, ҳокимликка фарзандларини ташлаб кетган аёлни зўрға орқасидан қувиб етишибди. «Опа, идорамизни болалар боғчаси билан адаштириб қўйдингиз чоғи», деб уввос солаётган болаларини қўлига тутқазишибди.

Ҳокимлик ходимларининг айтишича, аёлларини ёрдам сўрашга йўллаб, ўзлари натижасини машинасида кутиб ўтирадиган, каттакондан нима ундирганини ўсмоқчилайдиган эркаклар ҳам йўқ эмас.

Жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларда аксар таниш қиёфаларни кўрасиз. Улар бир сайёр қабулдан иккинчисига кўчиб юради, телефонда бир-бирларига қабуллар қаерда ўтказилаётгани ҳақида дараклашади ва кимдан қанча ундиргани билан мақтанади. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ҳокимликдан бир-икки моддий ёрдам олиб, бунинг «сирлари»ни ўртоқлашадиган ва бошқаларга ўртачилик қиладиган профессионал сўровчилар пайдо бўлди.

Шундай қабулга келган бир онахон раҳбардан Ҳажга жўнатишда моддий ёрдам сўраб мурожаат қилибди. Ҳаж бунга қодир кишига фарз эканлиги ҳақидаги гапни эшитгач эса жиллақурса ёнида етаклаб келган келинини янги уйга кўчиришда кўмак сўрабди.

Ташкилотлардан бирида ишлайдиган ҳисобчи дўстим ҳикоя қилади: «Хонамнинг эшиги тарақлаб очилиб, давангирдек йигит кириб келди. Важоҳатидан от ҳуркади. ‘Мен кам таъминланганман, қани, ким манга ёрдам беради?’ деб ўдағайлади. ‘Бугун кеч бўлди, каттанинг қабул кунларига ёзилиб, арз-додингизни ўшанда айтасиз’ деб зўрға кузатвордим», — дейди у.

Дўстимнинг ҳикоясини эшитиб, Ақтўбе фожиасида мўъжиза туфайли омон қолиб, орадан бироз вақт ўтгач, яна Қозоғистонга кетишга мажбур бўлган тўрақўрғонлик Исроил Мирзааҳмедовнинг айтганлари ёдимга тушди.

Исроил Мирзааҳмедов.

Фото: «Дарё»

«Бу ерларда иложсизликдан келиб ишлаяпман. Мен ҳам фарзандларимни соғинаман. Ўзимга қолса, ҳозироқ она юртимга, оилам бағрига қайтиб кетардим. Лекин бунинг иложи йўқ — қайтиб кетсам, кредит ва овқатга пулни қаердан оламан, ким беради? Берса ҳам қарзга берадими — бир кун ўтмай қайтар деб сўраб чиқади. Бу нарсалар менга ёқмайди, ёқмаганлиги учун ҳам шу ерларда ишлаб юрибман», — деганди Исроил.

Кўчамизда бир аёл бор. Маҳаллада арава етаклаб, пўчоқ тўплайди, уйидаги мол-қўйга қарайди. Сут-қатиқ қилиб сотади, маҳалладаги ўзига таниш оилалар нари борса фарзандлари учун кийим-кечак, закотини беради, лекин бундан ортиқ эмас. Негадир у ва унга ўхшаш инсонларни сайёр қабулларда кўрмайман. Улар ҳатто нафақа олишларига ҳам шубҳа билан қарайман. Чунки борига қаноат қилишга кўниккан, хокисорлик суяк-суягига сингиб кетган.

Шавкат Мирзиёев Парламентга Мурожаатномасида мазкур муаммони борича очиқлади.

«Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбасига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12—15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолининг 4—5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда.

Баъзи одамлар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди. Бу — бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Бунда эътиборни нафақалар ёки моддий ёрдамнинг бошқа турларига эмас, айнан тадбиркорлик ташаббуслари, хусусан, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, муносиб иш жойи билан таъминлашга аҳамият беришга қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, «балиқ эмас, қармоқ бериш» зарур. Истиҳола шуки, эртага қармоқ тутқазганларимиз «бунинг чувалчанги қани?» деб ҳафсаламизни пир қилмаса бўлгани...