АҚШ президенти Дональд Трамп Яқин Шарқдаги вазиятни барқарорлаштириш режасини тақдим этди, деб хабар беради Meduza.

Фото: Reuters

Трамп Оқ уйда Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху билан чиқиш қилди. Фаластин администрацияси раҳбари Маҳмуд Аббос эса учрашувда иштирок этмаган.

Дональд Трамп Шарқий Қуддусда пойтахти бўлган Фаластин давлатини яратиш таклифини билдириб, Қуддус Исроилнинг «ажралмас пойтахти» эканлигини маълум қилган. Бироқ бу қандай амалга оширилишига АҚШ президенти изоҳ бермаган.

Трампнинг режасига кўра, фаластинликлар Исроилни яҳудийлар давлати дея тан олиши керак. Исроил эса Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги йирик қишлоқларни сақлаб қолади, бироқ беш йил ичида янги қишлоқлар қурмаслик мажбуриятини зиммасига олади.

Трампнинг маълум қилишича, фаластинликлар назорати остидаги ҳудуд икки баробарга ошади. Бироқ бу қандай амалга ошишига аниқлик киритилмаган. АҚШ президентининг сўзларига кўра, мазкур таклифни амалга оширилиши Фаластин иқтисодиётига 50 миллиард доллар инвестиция жалб этади.

Нетаньяху Трамп томонидан билдирилган таклифга асосан фаластинликлар билан музокаралар бошлашга тайёр эканлигини билдирган. Журналистлар эса Фаластин АҚШ президентининг таклифини рад этишини тахмин қилмоқда.