Дания Европанинг энг кўзга кўринган, ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Хўш, у ерда яшашнинг қандай қонун-қоидалари бор? Данияликларнинг турмуш тарзи, урф-одатлари қандай? Мамлакатда мигрантлар қандай яшайди? Бу ҳақда Данияда 13 йилдан бери истиқомат қилаётган ўзбекистонлик Маърифат Акбарова «Дарё»га ҳикоя қилиб берди.

Маърифат Акбарова 1981 йилда Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган. 13 йилдан буён оиласи билан Данияда истиқомат қилмоқда.

Болалигим Чинозда ўтган. Тошкентда ўзим севган соҳа бўйича таҳсил олганман. Бир муддат нуфузли давлат идораларида ҳам ишлаганман. Оила қурганимдан сўнг эса ҳаммасини ташлаб, Данияга келишга тўғри келган.

Янада аниқроқ гапирадиган бўлсам, турмуш ўртоғим 2005 йилда Ўзбекистон ва Аархус техника коллежи ўртасидаги ўқув дастури бўйича Данияга келган эди. 2007 йил тўйимиздан сўнг турмуш ўртоғим Данияда ўқиётганликлари учун мени ҳам ўзи билан олиб келган.

Айни пайтда Beumer ширкатида муҳандис бўлиб ишлаётганликлари сабабли Аархус шаҳрида оиламиз билан истиқомат қиляпмиз.

Фото: «Дарё»

Данияда ҳақидаги илк таассуротларим

Дания қироллиги ҳудуди жиҳатдан Ўзбекистондан анча кичик. Атрофини ороллар ўраб туради.

Бу ерга биринчи келганимда май ойи эди. Одатда бу пайтда Ўзбекистонда ҳаво қуёшли ва иссиқ бўлади. Лекин бу ерда умуман тескариси — ёмғир тез-тез ёғарди, шамол эсарди. Қисқа қилиб айтганда, ҳаво анча совуқ эди.

Мени энг ажаблантиргани мамлакат ривожланган бўлса-да, шаҳарлари City услубида қурилган осмонўпар биноларга тўла эмас. Аксинча, данияликлар классик услубдаги анъанавий архитектурасини сақлаб қолган. Атроф ям-яшиллиги, чиройли хиёбонлар кўплиги, айниқса, шаҳар ичидаги ўрмонлар диққатимни тортган.

Фото: «Дарё»

Данияда халқ жуда яхши яшайди. Бир йилда ўртача 15 дақиқа электр ўчиши мумкин.

Тиббиётда докторлар беморларга антибиотик воситалар, кимёвий дориларни ёзиб беравермайди. Ҳар бир туманда фақат бир дона аптека бор холос. Хусусийлари йўқ, эмлаш ҳам мажбурий эмас.

Яна бир қизиқ маълумот — Дания коррупция деярли йўқ бўлган жуда кам сонли давлатлардан бири саналади.

Ойлик маошга келсак, инсон қанча ўқимишли, тажрибали бўлса, шунча юқори маош олади. Инновацион лойиҳаларга яхши гонорар берилади. Масалан, тўлиқ ставкада ишлайдиган олий маълумотли ўқитувчи 4 минг долларча олади. Солиқ ҳам шунга яраша юқори: 38-46 фоизгача. Мисол учун, 4 минг доллар оладиган ўқитувчига солиқдан кейин тегадигани тахминан 2 500 доллар атрофида бўлади.

Солиқ юқорилиги ҳисобига ҳукумат ўз халқи учун бепул тиббиётдан фойдаланиш ҳамда мактаб, гимназия ва университетларда контрактсиз ўқиш имкониятини яратган. 

Фото: «Дарё»

Данияга яшаш учун қандай борса бўлади?

Албатта, турли хил грантлар, дастурлар орқали келиш мумкин. Оиламиз мисолида гапирадиган бўлсам, 2015 йилда Даниянинг Аархус техника коллежи Ўзбекистон учун кўплаб грантлар ажратган эди. Унда олий маълумотли, инглиз тилини яхши биладиган талабалар суҳбат асосида танлаб олинганди. Уларнинг ичида умр йўлдошим ҳам бор эди.

Хуллас, уларнинг грантда ўқиётганликлари сабаб мен оила аъзоси сифатида таклиф қилинган виза орқали келганман.

Яшаш жойи ва молиялаштирувчи тайин бўлгани учун қонунга кўра бирга яшаш учун виза ҳужжати, ID рақам ва уй манзили ёзилган карточка беришган. Ўша пайтда рўйхатга олинганидан сўнг тил ўрганиш мактабида текин ўқиш ва ишлаш ҳуқуқи бор эди. Расман ишга киргандан сўнг эса унга иш визасига қўшиб, оила аъзоларига ҳам виза берилади. Дания қонунларига кўра, муддати тугаса яна узайтириб бораверади.

Ҳозир  эса миграция тизими ва қонунларига бирмунча ўзгартиришлар киритилган. Давлатда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари масалаларга жиддий қаралади. Шунинг учун Ўзбекистондан ноқонуний кириб келиш, яшаш ва ишлашнинг деярли иложи йўқ.

Данияга бориш осон бўлмаган

Ўша пайтлар Ўзбекистон ва Данияда ўртасида на элчихона, на консуллиги бор эди. Шунинг учун бошқа давлат элчихоналари орқали ҳужжатлар тайёрлашга кўп вақтимиз, пулимиз кетган. Кўп ноқулайликларга дуч келганмиз. Мисол учун, Тошкентда ҳужжатларни DHL почта хизмати орқали Москвадан олишимиз керак эди. Тошкент вилоятидан чиқиш визасини олиш ишлари жуда мужмал бўлган. Кўп вақтим, асабим югур-югур, қоғозбозликка кетарди. Данияда эса Бельгиядаги элчихонадаги консул орқали айрим ҳужжатлар қилинарди. Очиғи, ўша пайтлар фаол ишлашмасди.

Ҳозир эса илгаригидан кўра анча яхши. Нисбатан енгилликлар яратилган.

Фото: «Дарё»

Мамлакатда четдан келганларга муносабат қандай?

Данияга ўзбеклар, асосан, турли хил дастурлар орқали ўқишга ёки ишлашга келганлар. Кейин турмуш ўртоқларини олиб келишган. Худди бизга ўхшаб. Бу ерда ҳамма қонунан яшайди. Баъзи давлатлардаги каби ўзбеклар қийинчиликда кўчада қолганини ёки алданиб пулини ололмай юрган ҳолатларни кузатмадим. Данияда четдан келганларга муносабат яхши. Халқи ҳам очиқкўнгил ва толерант. Бу ердаги ўзбеклар ҳам бир-биридан ёрдамларини аямайди.

Фото: «Дарё»

Ўзбеклар ва данияликларнинг фарқи ҳақида

Дания Ўзбекистондан маданият, дин, яшаш, об-ҳаво, умуман, кўп жиҳатдан кескин фарқ қилади. Масалан, бу ердаги аксарият инсонлар динсиз ёки насроний динига эътиқод қилади.

Ўхшаш томони, данияликлар ҳам бизга ўхшаб картошка ва нонни кўп истеъмол қилади. Фақат улар қора жавдари нонни, ўзбеклар эса оқ ундан ёпилган нонни хуш кўради.

Ўзбеклар уй безатишда, кийинишда кўпроқ ранг-баранглик, шоҳона услубларни маъқул кўради, данияликлар эса минимализм тарафдори – содда, кўпроқ оқ-қора ва кул ранг, одми рангларни ишлатади.

Кўчада машиналар сигнал чалганини деярли эшитмайсиз, чунки одамлар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилади.

Фото: «Дарё»

Даниядаги янги ҳаётим ҳақида

Дания қонунларига кўра, бу ерга яшашга келган одам уч йил бепул дат тилини ўрганиши мумкин. Мен ҳам имкониятдан фойдаланиб, дат тилини ўрганишни бошлаганман.

Дастлаб боғчада кейинчалик, «Салом» хусусий мусулмон мактабида инглиз тилидан болаларга дарс бердим.

Данияда таълим тизими бизникидан фарқ қилади. Яъни ўқитувчилар бир неча фандан дарс беришга ўқитилади. Масалан, муаллим инглиз тили билан бирга яна уч ёки тўрт фандан дарс бериши керак. Фақат инглиз тилининг ўзига соат берилмайди.

Ижтимоий масалаларда Ўзбекистонда бироз малака оширганим учун бу ерда ҳам бир неча уюшмаларга аъзо бўлдим. 2018 йилда бир неча фаол ўзбек оилалар билан биргаликда «Ўзбек ташаббуслари» номли Даниядаги илк ўзбеклар уюшмасини ташкил қилдик. Ҳозирда уюшмада болаларимизга ўзбек тилида машғулотлар ўтаман. Хорижда ўзбек фарзандлари ўзлигини, қадриятларини унутмай она тилида равон гапира олиши керак, деган қатъий фикрдаман.

Бу ерда уюшмалар фаолияти учун кенг шарт-шароит яратилган, ҳар бир муниципалитет ташкилотлар текин ёки арзон жойларни ижарага олишига, машғулотлар ўтказишига иқтисодий кўмак берилади.

Фото: «Дарё»

Катта қизим беш тилда сўзлаша олади

Турмуш ўртоғим айни пайтда Beumer ширкатида муҳандис бўлиб ишлайди. Учта фарзандим бор. Барчаси Данияда туғилган. Шунинг учун болаларимда ‘адаптация’ туғилганидан бошланган. Уйда доим тўлиқ ўзбек тилида гаплашамиз, дат тилини иккинчи тил сифатида параллел равишда ўрганиб фойдаланиб боришади.

Катта қизим Муҳсина 11 ёш. «Салом» мактабида 5-синфда ўқийди. Серқирра, қизиқувчан қиз. Ўзбек, дат, инглиз, турк, рус тилларида эркин сўзлаша олади.

Турк масжидидаги Қуръон ва одоб дарсларига қатнашади. Уйда эса дадаси иккимиз ўргатамиз. 2018- йил Копенгаген шаҳрида бўлиб ўтган Қуръон ўқиш танловида қатнашиб, 2-ўринни олди.

Муҳсина чизиш ва фотографияга жуда қизиқади. Яқинда унинг фойдали, яхши ахлоққа тарғиб этувчи қисқа метражли анимацион фильм тайёрлаш ғояси «Болалар маданият уйи»га маъқул келиб, қўллаб-қувватланди.

Иккинчи фарзандим Муҳаммад Юсуф олти ёшда. 0-синфга чиқди. Ўзбек ва дат, бироз турк тилларида сўзлаша олади. У LEGO’да машина, қурилмалар ясашга қизиқади. Бу болада муҳандислик маҳоратини ривожлантиради. Ҳозир дадасидан абакус, ментал арифметикани ўрганмоқда.

Кичкина қизим Руқайя 3 ёшга кирган, боғчага боради.

Оилада кўпинча фарзандларимиз нимага қизиқиши ва иқтидорини қандай йўналтириш ҳақида гаплашамиз. Уларнинг фикрини тинглаймиз. Орзу-ниятларини амалга оширишга иложи борича ҳаракат қиламиз.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистон ва Дания ўртасида алоқа ўрнатмоқчиман

Асосий вақтим болалар билан уйда ўтади. Менда ҳам шундай вазият. Асосан фарзанд тарбияси билан бандман. Шунинг учун тўлиқ иш соатида ишламайман. Лекин муслима аёллар билан боғлиқ турли хил лойиҳалар қиламан.

Эндиги режам каттароқ лойиҳа ва ғоялар устида иш олиб боришдир. Ўзбек ташаббуслари уюшмаси Европадаги элчихоналаримиз билан ҳамкорлик ўрнатиб, Ўзбекистон туризми ривожига, иқтисодига ҳам ҳисса қўшсак деган умиддаман. Чунки Ўзбекистон ва Дания ўртасида яқин алоқалар ҳали ўрнатилмаган, элчихоналаримиз ҳам йўқ.

Ўзбекистонга ёзги таътил вақтида бир бориб келмоқчимиз. Бутунлай қайтишни эса билмадим... Бу дадамизнинг иши билан боғлиқ. Лекин режамизда бор.

Яқинда жамғарган пулимизга Тошкентдан уй олдик. Қолган нарсаларга ҳам ота-оналаримиздан ёрдам олмай, ўз кучимиз билан эришмоқчимиз. Яна болаларимизнинг ўқиши ва лойиҳаларимиз учун катта маблағ керак. Шу боис бироз бу ерда ишлаб, керакли пулни тўплаб, кейин Ўзбекистонга қайтамиз.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди.