Voyager-2 космик кемасининг ускуналари тўхтаб қолишдан ҳимоя қилувчи тизим томонидан ўчирилганидан сўнг яна иш ҳолатига қайтарилди, деб хабар бермоқда NASA.

Фото: NASA

Meduza’нинг ёзишича, 2020 йил бошига келиб Ердан 18,5 миллиард километрга узоқлашиб кетган Voyager-2 космик кемаси 25 январь куни магнит майдонни ўлчайдиган қурилмани калибровка қилиш учун манёвр қила олмади.

Телеметрия кўп энергия сарфлайдиган иккита тизим бир вақтнинг ўзида ишлаётганини кўрсатган. Унинг танқислигининг олдини олиш мақсадида Voyager ҳимояси барча илмий ускуналарини ўчириб қўйган.

Муҳандислар 28 январга келиб илмий ускуналар ва кўп энергия талаб қиладиган иккита тизимдан бирини ёққан.

Қуёш тизимини ўрганиш учун Voyager-1 ва Voyager-2 космик кемалари 16 кунлик фарқ билан 1977 йилда учирилган. Биринчи Voyager 2020 йил январь ҳолатига кўра 20 миллиард километр масофани босиб ўтди. Бу инсон томонидан яратилган Ердан энг узоқ объектдир. Иккинчи Voyager биринчиси билан баравар учирилган бўлса ҳам унга ҳеч қачон ета олмайди.