Хитойнинг янги турдаги коронавирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясининг жанубий чегарасида жойлашган Хунан провинциясида парранда гриппи тарқалди, деб хабар берди «РБК» Хитой қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига асосланиб.

Фото: «РБК»

Парранда гриппи Шаоян шаҳрининг Шуансин туманида жойлашган фермада қайд этилган. Фермада жами 7850 та товуқ бўлган, улардан 4500 таси гриппга чалиниб, нобуд бўлган.

Шаҳар маъмурияти эпидемия тарқалишининг олдини олиш мақсадида фермадан 17 мингта уй паррандаларини олиб кетган. Вируснинг инсонга юқиш ҳолати қайд этилмаган.

Маълумот учун, Хитойда бир сутка давомида коронавирус туфайли 46 киши вафот этди. Шу тариқа мамлакатда мазкур касаллик қурбонлари сони 259 кишига етди.