17:58, 03.02.2020 // 59242

«Аёл йиғлай олмаса, бу даҳшатли нарса». «Шамолларда қолган ҳисларим» романи ҳақида

«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» рукни доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Маргарет Митчеллнинг «Шамолларда қолган ҳисларим» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбэк

Бир пайтлар ўзим учун «Ўқиб чиқишим керак бўлган 100 та роман» рўйхатини тузган эдим. Буларни албатта халқаро рейтинглар ёрдамида тузганман, аммо ҳамма рейтингда учрайдиган «Шамолларда қолган ҳисларим» романини киритишни хоҳламаганман. Чунки мен эркак ва аёл севгиси ҳақидаги романларни ўқишга умуман қизиқмайман деб ҳисоблардим ўзимни. Бунинг сабаби сюжет линиялари жуда торлигида эди.

Кўп шундай романларга қарасангиз, аввал севишишади, кейин қанақадир «тушунмовчилик» бўлиб ажрашиб кетишади, охири яна бирга бўлишади. Ушбу романни ҳам номиданоқ шу клишелар асосида ёзилган бўлса керак деб ўйлар эдим. Аммо барча рейтингларда учрайвергач, ўқиб кўришга қарор қилдим...

Ҳайратдаман. Мен энг қизиққан тарихий ва сиёсий мавзу бўлмиш АҚШдаги фуқаролар уруши ҳақида бу асарда севгидан кўра кўпроқ ёзилгандай назаримда. Севги сюжети ҳам клишедагидай эмас. Хуллас, асарни ўқиганимдан хурсандман.

Асар ҳақида

«Шамолларда қолган ҳисларим» – америкалик ёзувчи Маргарет Митчеллнинг энг машҳур романи, асар воқеалари АҚШнинг жанубий штатларида 1860 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар уруши ва ундан кейинги даврни қамраб олади.

Роман 1936 йил 30 июнда нашр этилган ва Америка адабиётининг энг машҳур бесцеллерларидан бирига айланган. 1936 йил охирига келиб асар бир миллиондан ортиқ нусхада сотилди. Ўша йили Митчелл асар асосида фильм олиш ҳуқуқини продюсер Дэвид Селзникка 50 минг долларга сотди. 1939 йилда худди шу номдаги жуда машҳур фильм суратга олинди.

1937 йилда Маргарет Митчелл романи учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлди.

Сюжет

Аввалига романнинг бош қаҳрамони Скарлетт бепарво ёш қизга ўхшаб туюлади. Қиз ўзига аталган илтифотларни тинглашни ва қўшни йигит Эшли ҳақида ўйлашни истайди. Қиз уруш ҳақида ҳеч нарса эшитишни хоҳламайди. Энг муҳими, у қўшниси Эшлига турмушга чиқишни орзу қилади.

Скарлетт гўзал, ёрқин ва ғайриоддий темпераментга эга қиз. Аммо қизнинг кейинги ҳаёти бошқача кечади. У севгилиси Эшли билан турмуш қурмайди, унга аччиқ қилиб бошқасига турмушга чиқади.

Кейин даҳшатли уруш пайтида қўлида боласи билан ёлғиз қолади, эри урушда ҳалок бўлади. Бундан ташқари, у Эшлининг хотинига ҳам ғамхўрлик қилиши керак; бу жуда қийин бўлади.

Тақдир Скарлетт О’Хара учун жуда кўп синовларни тайёрлайди, лекин айнан шу синовлар унинг характери кучли эканини намойиш этади ва бу фазилатлар аёлга барча қийинчиликларни енгиб ўтишга, ҳатто энг мураккаб вазиятларда ҳам нафақат ўзи учун, балки уни севадиган ва унга муҳтож бўлганлар учун ҳам йўл топишга ёрдам беради.

Таҳлил

Худди шу номдаги машҳур фильм учун адабий асос бўлиб хизмат қилган ушбу эпик тўплам, ёзувчи ва журналист Маргарет Митчелл томонидан нашр этилган ягона романтик ва тарихий достон эди. Қўшма Штатлардаги фуқаролар уруши ҳақида учинчи шахс номидан ҳикоя қилинган ушбу китобда биз Скарлеттнинг шахсиятини, унинг севги можаролари ва интилишларини, қувончлари ва азоб-уқубатларини кузатамиз. Асарда асосий иккита эркак сиймоси бор, булар: Эшли Уилкс ва Ретт Батлер. Скарлетт Эшлини севади, аммо Батлерга турмушга чиқади. Асар охирида ўқувчи Скарлетт аслида кимни севганини тушуниб етади.

Митчелл, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар даврида жанубни ҳимоя қилиш учун азоб-уқубатларга рози бўлиш ёки омон қолиш каби муаммолар билан бир сюжетда, доимий ҳиссий можарода бўлган қаҳрамонлар билан кучайтирилган романтик ҳикояни бирлаштира олган эди. Роман жуда кенг қамровли, аммо Маргарет Митчелл жуда содда йўл билан зич сюжет ичида қизиқарли персонажларнинг яхши тўпламини яратган. Унинг қаҳрамонининг замон ижтимоий контекстига мослашиш жараёнларини эса менимча ҳатто жамияцҳунослик дарсларида қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин.

«Шамолларда қолган ҳисларим» деярли минг саҳифа давомида биз инсонлар бир-биримизга боғлаган кўплаб ришталар ҳақида сўзлайди. Асар бахтиёр дунёси емирилиб боришини кузатувчи жанублик ёш аёлнинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Асарда ирқчилик ва қулдорлик каби архаик қадриятларга асосланган цивилизация қандай йўқ бўлиб кетишини, бошқа турдаги қадриятлар устунлик қиладиган жамият шаклланишини кузатиш мумкин. Бу АҚШ ҳаётидаги парадигмаларнинг ўзгариш босқичидир, чунки энди Америка қуллар туфайли ўсиб борган катта плантациялардан ташкил топган қишлоқ хўжалигидан чиқиб, аста-секин дунёнинг саноат механизмига айланмоқда.

Бу жараёнлар эркатой ва тантиқ қизни етук аёлга айлантириб, уни оиласи учун жавобгар ва зарур бўлган барча нарсалар билан таъминловчи қилиб тарбиялайди.

«Шамолларда қолган ҳисларим» сериалидан кадр

Бу тириклик, бардош, урушга, вайронагарчиликка ёки ўлимга қарамай олдинга силжиш қўшиғидир, муваффақиятсизликка қарамай таслим бўлмайдиган аёл сиймосидаги жанговар руҳдир.

Хулоса

Асарда жанубнинг қадриятларини романтик идеаллаштиришда ирқчилик элементлари ҳам мавжуд. Шамолларда қолган ҳисларим – 80 йил олдин, «қулдорлик фойдаси» призмаси асосида ёзилган эди. Ўша пайтларда ирқий бўлиниш айниқса жанубда кучли бўлган. Аммо асарда севги ва ҳаёт учун кураш мавзуси жуда чиройли очиб берилган.

Роман жуда содда ва деярли фотографик тавсифлаш тилида ёзилган. Унинг тарихий аҳамияти катта, чунки бу бизга ўша давр олами, шаҳарлар, уйлар, жанубдаги одамлар, ҳатто уруш қийинчиликларини тушунишимиз учун тайёр тарихий қўлланмадир.

Роман бир неча авлод китобхонларини ўзига жалб қилган ва келажак авлодлар учун ҳам давом эттирадиган ажойиб асардир.

Иқтибослар

Агар унинг қалби хотиралар азобига тушиб қолган бўлса, инсон олдинга интила олмайди;

Бошқалардан ажралиб туриш... бу ҳеч қандай жамият кечирмайдиган гуноҳдир. Бошқаларга ўхшамасликка журъат этиб кўринг – сизни умрбод ёмон кўришади!

Аёл йиғлай олмаса, бу даҳшатли нарса;

Агар сиз дил изҳорингизни жуда узоқ вақтга кечиктирсангиз, буни қилиш қийинлашиб бораверади, охири бу шунчаки имконсиз бўлиб қоладиган пайт келади.

Қизиқарли фактлар

- Митчелл роман устида ўн йил давомида ишлаган бўлса ҳам, у китоб ёзаётганини деярли ҳеч ким билмас эди. Ўз ишини дўстлари ва қариндошларидан яширган;

«Шамолларда қолган ҳисларим» сериалидан кадр

- Биз ҳозир Скарлетт деб биладиган роман қаҳрамони асар ёзилиши давридаги кўп йиллар давомида Пенси деб номланган;

- 1949 йил 11 августда Маргарет Митчелл эри билан кинога боради. Атлантадаги кўчалардан биридан ўтиб кетаётганида уни машина уриб юборади. Бир неча кундан кейин Маргарет Митчелл олган жароҳатлари туфайли вафот этади.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Энг кўп ўқилган

Қидирув