Ўзбекистон Президентининг 24 январда бўлиб ўтган Парламентга Мурожаатномасида таъкидланган фикр ва белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳлари шакллантирилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги «Дарё»га маълум қилди.

Хабар берилишича, ишчи гуруҳлари зиммасига жорий йилнинг 3—6 февраль кунлари барча ҳудудий ички ишлар органларида тезкор хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари У.Тошхўжаев ҳамда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Дониёр Қодиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида ўрганиш ишларини бошлади.

Вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларига барча туман-шаҳар ички ишлар органларининг тезкор хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатишда нималарга эътибор қаратиш бўйича аниқ вазифалар ва йўл харитаси белгилаб берилди.

Дониёр Қодировнинг маълум қилишича, ўрганишдан кўзланган мақсад тизимдаги энг қуйи бўғин, яъни, профилактика инспекторлари фаолиятигача кириб бориш, маҳалла тизими билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги камчиликларни жойида аниқлаш ва кечиктирмай бартараф этишдан иборат.

Айни пайтда Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида ички ишлар органларининг маҳалла, ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорлигининг қай аҳволдалигини ўрганиш билан бирга, ҳудудлардаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва жойида бартараф этиш борасида иш олиб бормоқда.