Россиянинг Нижневартовск шаҳрида (Ханти-Мансийск автоном округи — Югра) касалхонага ётқизилган уч нафар ўзбекистонликда коронавирус борлиги тасдиқланмади. Бу ҳақда «Роспотребнадзор»нинг ҳудудий бўлимига таянган ҳолда «ТАСС» хабар бермоқда.

Фото: Pxfuel

«Ҳа, Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ўтказилган таҳлил натижалари келди. Бу коронавирус эмас — грипп ёки ЎРВИ. Бизда бошқа маълумотлар йўқ», — деган агентлик суҳбатдоши.

Қайд этилишича, ҳозирда Россияда инфекциянинг тасдиқланган иккита ҳолати  — Байкалорти ўлкаси ва Тюмень областида Хитой фуқаролари орасида аниқланган. Тюменга касалланган хитойлик талаба қиз билан бир самолётда келган ўзбекистонлик ишчилар коронавирус борлигини текшириш мақсадида Нижневартовскдаги касалхонага ётқизилганди.

Шунингдек, хабарда айтилишича, Юграда коронавирус туфайли 31 киши тиббий назоратда тургани, улардан таҳлиллар олиниб, тадқиқотлар ўтказилаётгани ва уларнинг соғлиғи яхши эканлиги таъкидланган.