Мактаб ўқувчиси уйига совға билан қайтибди. Онаси қаердан олганини сўрабди. «Мактабда ўқитувчимизнинг саволига тўғри жавоб берганлигим учун мукофот беришди», жавоб қилибди бола. «Қандай савол?». «Ўқитувчимиз туяқушнинг оёғи нечта бўлади?» деб сўради, мен «учта» деб жавоб бердим». Она ажабланибди: «Туяқушнинг оёғи иккита бўлади-ку, ўғлим». Бола «Иккита бўлишини ҳамма кейин билди. Синфдошларим тўртта, деб жавоб берди. Меники жавобга энг яқин бўлгани учун мукофотлашди».

Бу галги мавзуимиз ватан чегараларидан чиқиб бутун Марказий Осиёни қамраб олди. Йўқ, коронавирус ҳақида ёзмаймиз. Мавзуимиз импорт. Яна позитив! Каминадан биринчи марта позитив ўқийсиз, жойлашиб ўтириб олинг.

Биласизми, давлатлар доим экспортни ошириш ва импортни камайтиришга интилади. Бугунги дунёда миллий валютаси қувватини оширган, ўз-ўзини таъминлаган давлатлар ғоздек керилиб юради. Ўхшамай қолса, экспортни ошириб ва импортни камайтириб кўрсатишга уринади.

«Cabar.asia» сайтида яқинда чоп этилган хабарда Марказий Осиё давлатларининг импорти миқдори экспортёр мамлакатлар маълумоти билан солиштирилган. Фарқ каттагина. Қозоғистон Хитойдан 5 миллиард доллардан бироз кўпроқ импорт қилибди. Айни шу маълумот Хитойга кўра 11 миллиард доллардан ортади. Фарқ 6 миллиард доллар. Бу фарқ Қирғизистон учун 3,6 миллиард, Тожикистон учун 0,832 миллиард долларга тенг. Ўзбекистон ва Хитой берган маълумот фарқи атиги 0,402 миллион доллар чиққан. Биз ҳаммадан ҳақиқатгўй чиқдик, дўстлар. Тўғри, Хитойдан умумий импортимиз 3,5 миллиард доллардан ошади, аммо «импортимиз оз», дея чираниш нега керак?

Фото: «Cabar.asia»

Бу фарқ Россия билан импортда ҳам кўринади. Қирғизистон маълумоти билан Россия маълумоти орасидаги фарқ 125 миллион доллар. Шу кўрсаткич Қозоғистонда 69 миллион, Тожикистонда 118 миллион доллар. Бу борада ҳам энг кам фарқ Ўзбекистонда – 17 миллион доллар. 17 миллион ҳам фарқ, аммо қўшниларимизга нисбатан энг оз фарқ. Ҳақиқатга энг яқини бизники. Статқўмни мақтайликми ё божхонани? Икковиниям.

Ана шундай гаплар. Фақат муаммоларни ёзади дейдиганлар диққатига: мана ютуқларни ҳам ёздик ва ёзамиз.

Сарвар уста

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.