Ўзбекистон Марказий банки 2019 йил давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан монетар олтин сотиб олиши натижасида 36,6 триллион сўм пул миқдоридаги маблағ қўшимча равишда эмиссия қилинган. Ушбу юзага келган «ортиқча» ликвидликни бартараф этиш мақсадида Марказий банк томонидан ички валюта бозорида 33,6 триллион сўм эквивалентидаги хорижий валюта сотилди. Марказий банк мазкур операциялар нима учун амалга оширилишини тушунтирди.

Фото: «Дарё»

Нима учун Марказий банк валюта бозорида интервенцияларни амалга оширади (валюта сотади)?

Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги интервенциялари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан монетар олтиннинг сотиб олиниши натижасида иқтисодиётга чиқарилган пул маблағларини стерилизация қилиш мақсадида амалга оширилади. Юзага келган «ортиқча» ликвидликнинг камайтирилиши инфляция босимининг кескин ўсиши ҳамда макроиқтисодий номутаносибликларнинг олдини олиш бўйича зарурий чора ҳисобланади. Акс ҳолда, сотиб олинган монетар олтин қийматига тенг пул массаси қўшимча равишда ўсиб боради.

Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта захираларининг «нейтраллиги» тамойилига асосланади.

Олтин-валюта захираларининг «нейтраллиги» нима?

Олтин-валюта захираларининг «нейтраллиги» тамойили йил давомида Марказий банк томонидан ички валюта бозорида сотилган валюта маблағларининг соф ҳажми ушбу даврда сотиб олинган монетар олтин қиймати доирасида бўлишини англатади.

Бошқача қилиб айтганда, Марказий банк ички валюта бозорида операцияларни амалга оширишда пул массаси кескин ўсишининг олдини олиш вазифаларидан келиб чиқиб, мавжуд олтин-валюта захираларини ишлатиш ёки уларни кўпайтиришни кўзламайди.

Бундай ёндашув ўзгарувчан алмашув курси режимига мос бўлиб, Марказий банкнинг ички валюта бозорида иштирок этмаслиги ёки минимал даражада иштирокини назарда тутади.

Агарда, Марказий банк томонидан ички валюта бозорида интервенция операциялари амалга оширилмаганда, 2019 йил давомида пул массаси қўшимча 36,6 триллион сўмга ошиб, ушбу ҳолат инфляцион босимнинг кучайиши ҳамда сўмнинг алмашув курси ошишини юзага келтирар эди.

Аксарият олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатларда олтин экспорти асосан, Марказий банк иштирокисиз, корхоналар томонидан амалга оширилади. Бунда Марказий банкнинг ички валюта бозорида иштирокига зарурият бўлмасдан, олтин сотишдан тушган тушум ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил равишда ишлаб чиқариш ёки бошқа мақсадларда фойдаланилади ёки ички валюта бозорида сотилади.

Нима учун Марказий банк монетар олтинни сотиш операцияларини амалга оширади?

Марказий банк олтин-валюта активларини самарали бошқариш, шу жумладан, халқаро қимматбаҳо металлар бозоридаги вазиятни таҳлил қилиш ва олтин нархини прогноз қилиш ҳамда олтин-валюта захираларида хорижий валютадаги ликвидликни таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, монетар олтинни сотиш операцияларини амалга оширади.

Бунда ташқи бозорда сотилган монетар олтин ҳажми маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган ҳажмдан фарқ қилиши мумкин.

Шу билан бирга, монетар олтин экспортидан тушган хорижий валютадаги тушум ҳажми Марказий банкнинг ички валюта бозорида сотилган хорижий валюта, яъни валюта интервенцияси ҳажмига мос келмаслиги мумкин.

Халқаро захираларидан алмашув курсини ушлаб туриш мақсадида фойдаланиладими?

Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги фаолияти ва унинг валюта операцияларининг алмашув курсига таъсирини баҳолашнинг билвосита кўрсаткичларидан бири йил давомида олтин-валюта захиралари ҳажмининг ўзгаришидир.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йил давомида Марказий банк олтин-валюта захиралари, нархлар ўзгариши ҳисобга олинмаган ҳолда, 237 миллион долларга ошиб, ушбу даврда миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 13,9 фоизга қадрсизланди.

Бу ўз навбатида, Марказий банк валюта курсининг фундаментал ўзгаришида захира активларидан фойдаланмаганлигини кўрсатади. Миллий валюта алмашув курсининг динамикаси ички валюта бозорида талаб ва таклиф даражасини белгилайдиган ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида шаклланди.