Хитойда тарқалган янги турдаги коронавирус сабабли ушбу мамлакатнинг 11 та шаҳрида карантин жорий қилинди. Карантин – юқумли касалликларга қарши курашишнинг қадимий усули бўлиб, кўриб турибмизки, аксар касалликларнинг давоси топилгани ва тиббиёт ривожланганига қарамай, замонавий дунёда у ҳамон ўз кучига эга. «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов карантин тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

Ухандан келаётган фуқаролар кутиб олинмоқда. Жанубий Корея.

Фото: Getty Images

Касаллик тарқалган жойни ва касал беморларни карантин орқали изоляциялаш амалиёти қадимги юнонларда ҳам бўлган. Вабо тарқалган жойдан чиқмаслик ва у ерга бормаслик ҳақида Пайғамбаримизнинг ҳадислари ҳам мавжуд: Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Агар бир жойда вабо тарқалганини эшицангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!» деганлар. Демак, карантин амалиёти ислом энди тарқалган замонда (VI–VII асрлар) Арабистон ҳудудларида ҳам бўлган.

Карантин ҳақида, шунингдек, Инжилда (Эски аҳд қисмида) ҳам алоҳида сўз юритилган. Унда мохов касалига йўлиққан беморларни алоҳида сақлаш ҳақида гап боради. Бу дегани милоднинг энг бошида ҳам одамлар карантинни яхши билганига далолатдир.

Одамлар у замонларда ҳали микроб, бактерия ва вирус ҳақида ҳеч нарса билмаган. Лекин беморларни алоҳида сақлаш ва юқумли касаллик ёйилиб кетмаслиги учун муайян шаҳар ва қишлоқларга кириш ва чиқишни тақиқлаш амалиётини кўпчилик тамаддунларда қўллаб келинган.

Кўриб турибмизки, 2020 йилга келиб ҳам карантин амалиёти катта кўламда қўлланмоқда. Бунинг сабаби оддий: карантин доим яхши самара берган ва ўзини оқлаб келган.

Коронавирус эпидемияси бошлангач, аввалига Хитой эпидемия ўчоғи бўлмиш Ухань шаҳрини ёпди. Кетма-кет, унга ёндош бошқа шаҳарлар ҳам карантинга олинди. Кейин эса Хитойга чегарадош бошқа мамлакатлар чегараларни қисман ёки бутунлай ёпди. Кўплаб мамлакатлар Хитойга авиақатновларни тўхтатди. Хитойдан етиб келган ёки эвакуация қилинганлар эса икки ҳафталик мажбурий карантинга олинмоқда. Бу, албатта, карантиннинг замонавий усулидир.

Аввалига карантин шунчаки «касаллик юқтиришда ва тарқатишда гумонланган одамларни тутиш ва сақлаш» маъносини билдирган. Лекин вақт ўтиши билан бу тушунча том маънода бошқа моҳият касб этди. Ҳозирда карантин деганда касаллик юқтирган ёки юқтирган деб гумон қилинаётган шахс, жонивор, юк, товар, транспорт воситаси, аҳоли пункти, ҳудуд ва бошқаларни алоҳидалашга (изоляциялашга) қаратилган, эпидемияга қарши чекловчи ва режим қоидаларини белгиловчи чора-тадбирлар комплекси тушунилади.

Авваллари бирор шахс ёки жой карантинга олиниши одатда жамият томонидан яккалаб қўйилиши, ҳудудга кириш ва чиқишни ҳамма ўзи учун мустақил ҳал қилиши орқали ташкилланган бўлса, ҳозирда карантин соғлиқни сақлаш органлари ва ҳатто ҳукумат даражасидаги тадбирлар орқали ташкилланади ва назорат қилинади.

Ўша Инжилда қайд этилган ва мохов касалига қарши эълон қилинган карантин тарихан факт асосида қайд қилинган биринчи карантин дейиш мумкин. Ўрта асрларда мохов касалига йўлиққан одамларни жўнатиладиган махсус ҳудудлар (колониялар) кенг тарқалган эди. Моховга чалинган одам ўша колонияга мажбуран жўнатилган ва у ерда қатъий режим остида ушлаб турилган. Одатда бундай колониялар черковлар таркибида бўлган ва касаллар черков ходимлари назоратида сақланган ва даволанган. Моховлар карантин остида сақланган бундай жойларни лепрозорий деб номланган. XIII асрда бутун Европа бўйлаб 19 мингта лепрозорий мавжуд бўлган.

Бу касаллик сабабини олимлар фақатгина 1873 йилда аниқлади; унинг қўзғатувчиси Mycobacterium leprae (Хансен таёқчаси) бактерияси бўлиб чиқди. Ҳозирда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мохов касалини «унутилган» касалликлар рўйхатига киритган. Яъни ҳозирда жаҳон бўйлаб моховга чалинганлар сони 800 минг кишидан ҳам кам ва улар асосан санитар-эпидемиологик вазият ночор бўлган мамлакатлар – Ҳиндистон, Непал, Бутан, Мозамбик, Мадагаскар ва Танзанияда учрайди.

Неаполдаги лепрозорий. Италия, XIV аср.

Фото:Wellcome Collection

Замонавий кўринишдаги карантин илк бор XIV асрдаги ўлат эпидемияси пайтида пайдо бўлган. Ўшанда, 1347 йилда тарқалган қора ўлат туфайли тўрт йил ичида жаҳон бўйича 200 миллионга яқин одам вафот этган деб баҳоланади.

1377 йилда Венеция қироллиги тасарруфидаги Рагуза порти (ҳозирда Хорватиядаги Дубровник порти) маъмурияти ўлат тарқалган мамлакатлардан қайтган кемаларни 30 кун мобайнида қирғоққа тушмасдан, соҳилдан нарироқда туриб туриши кераклиги ҳақидаги қоидани киритган. 30 кун ичида кемадагилардан ҳеч бири касалланмаса, у ерда ҳамма соғлом деб қабул қилинган ва қирғоққа тушишга рухсат берилган. Кейинчалик ушбу 30 кунлик режим 40 кунгача ўзгартирилган. Аввалги 30 кунлик режим trenta (ўттиз) дейилган бўлса, янги жорий қилинган қирқ кунлик режим quaranta (қирқ) деб номланган. Бу биздаги чилла сақлашга, яъни 40 кунлик тийилиш режимига жуда ўхшаш бўлган. Quaranta сўзидан ҳозирги биз билган «карантин» сўзи келиб чиққан.

Ҳиндистонлик талабалар Ухандан олиб чиқилмоқда.

Фото: Getty Images

Карантин эълон қилишнинг асослари ва бунда амал қилинадиган меъёрлар борасидаги дастлабки халқаро ҳуқуқ нормалари XIX асрда пайдо бўлган. XIX асрда кузатилган вабо эпидемияси эса шунчаки жойни изоляциялашнинг ўзи етарли чора эмаслигини, балки масалага комплекс ёндошиш, ижтимоий ва сиёсий чораларни ҳам ташкиллаш заруратини ўртага ташлади. Ўшанда карантин методикасини стандартлаштириш борасида қатор халқаро анжуманлар ўтказилди ва жараённинг иқтисодий асослари белгиланиб, тиббий-ташкилий жиҳатлари стандартлаштирилди.

Карантин эълон қилиш ва ташкиллаш борасидаги ҳозирги замонавий қоидалар мажмуи эса Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 1951 йилдаги сессиясида қабул қилинган.