Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятида иш бошлади. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлардан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Ушбу гуруҳлар жорий йилнинг 31 январидан 21 февралига қадар республиканинг барча ҳудудий ички ишлар органларида тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкиллаштиради.

Фото: Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати

6 февраль, пайшанба куни, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари У.Тошхўжаев ҳамда ички ишлар вазири ўринбосари Дониёр Қодиров раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятига ташриф буюрди ва вилоят ички ишлар бошқармасида ўтказилган йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларига барча туман-шаҳар ички ишлар органларининг тезкор-хизмат фаолиятини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Шундан сўнг, тизимдаги янги объектлар билан танишиш, ёш ходимлар билан учрашувлар ўтказиш, маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида учрашувлар ташкил этилди.

Аввалроқ мазкур ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида ички ишлар идоралари фаолиятини ўрганган эди.