Янги турдаги коронавируснинг оралиқ ташувчиси панголинлар — чумолихўрларга яқин сутэмизувчилар бўлиши мумкин. Бу ҳақда Жанубий Хитой қишлоқ хўжалик университети олимлари маълум қилди, деб хабар беради «РБК».

Фото: «РБК»

Олимлар ёввойи ҳайвонларнинг мингдан ортиқ намуналарини таҳлил қилди. Аниқланишича, панголинлар танасидаги коронавирус штаммининг 99 фоизи аввалроқ беморларда топилган штаммга тўғри келади. Шу билан бирга, мутахассислар панголинлар вируснинг ягона оралиқ ташувчиси бўлмаслиги мумкинлигини таъкидламоқда.

Тадқиқот гуруҳи аъзоси, профессор Юньи Шэннинг таъкидлашича, аввалги тадқиқотларга кўра, кўршапалаклар янги коронавируснинг манбаи бўлган. Бироқ унинг таъкидлашича, одамларга кўршапалаклардан вируснинг юқиши қийин, чунки улар қишда уйқуга кетади.

Олимнинг қайд этишича, уларнинг асосий вазифаси кўршапалаклар ва одамларни боғлайдиган оралиқ ташувчини топиш ҳисобланади. Январь ойи охирида хитойлик олимлар одам илондан янги коронавирус юқтирган бўлиши мумкинлигини маълум қилган.

Январь ойи охирида Хитой Касалликларни назорат қилиш ва профилактика маркази мутахассислари Ухандаги денгиз маҳсулотлари бозорида янги коронавирус изларини топган. Улар 585 та намунани тўплаган, улардан 33 таси вирус учун ижобий натижани кўрсатган. Намуналар бозорнинг ғарбий қисмида жойлашган киосклар ва ахлат ташувчи машиналардан олинган. Марказнинг маълумотига кўра, шу ерда инфекция пайдо бўлган. Олимлар ҳайвонлар коронавируснинг манбаи деган хулосага келган, аммо аниқ бир турнинг номини айта олмаган. Шу билан бирга, янги коронавирус Чжэцзян провинциясининг Чжошуань шаҳридаги кўршапалакларда топилган вирусга 90 фоиз ўхшаш бўлган.

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусдан вафот этганлар сони 7 февраль ҳолатига кўра 636 кишига етди. Вафот этганларнинг катта қисми — 618 нафар одам Хубэй провинциясида жойлашган Ухань шаҳрига тўғри келмоқда. Ухань шаҳридаги крематорийлар коронавирус сабаб тўлиб кетган. Умумий ҳисобда касалланганлар сони 31 161 кишини ташкил қилмоқда.

Гонконглик олимлар коронавирусни 40 дақиқада аниқлайдиган ускуна ихтиро қилди. Хитойлик эркак эса бозорда 15 сония ичида коронавирусга чалинди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус бўйича форум ўтказади. Аввалроқ ЖССТ биринчи марта Хитойда коронавирус инфекциясини янги юқтириб олганлар сони камайганини қайд этгани ҳақида хабар берилган эди. 7 февраль, жума куни, Ухандаги госпитал янги турдаги коронавирус хавфи ҳақида биринчилардан бўлиб огоҳлантирган шифокор Ли Вэньлян коронавирус оқибатида вафот этганини маълум қилди.