Ўзбекистонда электромобиллар учун қувватлаш станцияларини қуриш мажбурияти шаҳарсозлик нормалари қаторига киритилиши мумкин. Бу Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида туристик хизматларни янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида таклиф қилинган.

Фото: Financial Tribune

Қарор лойиҳасига кўра, хизмат кўрсатиш, жамоатчилик ва бизнес ҳудудлари объектларининг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда электромобиллар учун шароитлар яратиш бўйича талаблар шаҳарсозлик нормаларига киритилади.

Қарор лойиҳасида қуйидагилар кўзда тутилган:

  • автомбиллар турар жойларнинг 5 фоизидан кам бўлмаган қисмида, бироқ биттадан кам бўлмаган жойда электромобиллар учун жой ажратиш ва электромобилларни қувватлаш станциясини ўрнатиш;
  • ажратилган турар жойлар сонига тенг қувватлаш қурилмаларини ўрнатиш ва уларнинг умумий қуввати 11 киловаттдан ортиқ бўлиши;
  • ажратилган жойларнинг юзасига махсус белги тушириш ва йўл белгиси ўрнатиш.

Маълумот учун, 2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонга импорт қилинган электр автомобиллар, автобуслар ва мотоцикллар учун божхона божи бекор қилинган.

Шунингдек, Қўқон шаҳрида электр автомобиллари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Tashkent City ҳудудида ППХ ходимлари электромобилда ҳаракатланишни бошлаган эди. Андижон ИИБ эса «Хан» электромобилини синовдан ўтказган эди. «Ўзавтосаноат» электромобиллар учун инфратузилма яратиш устида ишлаётганини маълум қилган.