Экспертларнинг фикрича, касалликка чалинганларнинг умумий сони 500 минг нафар атрофида бўлади. Уларнинг сўзларига кўра, тақдим қилинаётган расмий маълумотлардаги рақамлар камайтирилган, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: France 24

Декабрь охирида қайд этилган коронавируснинг тарқалиши февралнинг иккинчи ярмида энг юқори чўққисига чиқиши мумкин. Лондон гигиена ва тропик касалликлар мактаби олимлари Хубэй вилоятининг Ухань шаҳридаги касаллик аломатлари асосида математик модел яратган, дейилади Bloomberg хабарида.

Фото: Sinxua

«Вазият анчайин мавҳумлиги туфайли аниқ сана ёки рақамни айтиш қийин. Лекин маълум ахборотлар асосида Уханда касаллик авжига чиққанида ушбу шаҳарнинг 5 фоиз аҳолиси, яъни 500 минг нафар одам вирусга чалиниши мумкин», — дейди дастур муаллифларидан бири Адам Кухарский.

Олимлар тадқиқотидан кейин айтилган рақам расмий маълумотлардаги бутун дунёда 37 минг нафар одамнинг коронавирусга чалингани ҳақидаги ахборотга мос келмайди. Экспертлар расмий маълумотлардаги рақам камайтирилганини билдирган. Базель университети олими Мануэль Баттегай касалликнинг енгил формаси кузатилган вақтда кўпчилик унинг коронавирус эканини пайқамаганлигини қайд этган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотларга кўра, коронавирусга чалинган беморларнинг 4,3 фоизи оғир аҳволда. Ўлимгача олиб борадиган ҳолатлар 3 фоизни ташкил этган. Бироқ коронавирусга йўлиққанларнинг асосий қисмида касалликнинг енгил формаси кузатилаётгани инобатга олинса, ўлим кўрсаткичи 1 фоизни ташкил қилиши ойдинлашади.

Гонконг университетидаги Бенжамин Коулинг кейинги икки ҳафта коронавирус бўйича вазиятнинг ҳал бўлишида асосий вақт оралиғи бўлади деб ҳисобламоқда, яъни ушбу даврда касалликнинг бутун дунёда тарқалиши ёки Хитой ҳукумати томонидан карантин бўйича амалга оширилган ишлар самара бергани борасида хулоса чиқариш мумкин.

Сўнгги маълумотларга кўра, янги коронавирусга бутун дунёда 37 552 нафар одам чалинган. Вафот этганлар сони 813 нафарни ташкил қилади. Хитойнинг материк қисмидан ташқарида иккита ўлим ҳолати Гонконг ва Филиппинда қайд этилган.