Хитой коронавирус эпидемиясига қарши курашиш учун 10,3 миллиард долларга яқин маблағ сарфлаб юборди. Бу ҳақда мамлакат Молия вазирлигига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: АP

Идоранинг таъкидлашича, ҳукуматнинг барча даражасидаги молиявий институтлар касаллик тарқалишининг олдини олиш ва назорат қилиш учун 71,8 миллиард юань ажратган. Марказий ҳукумат 17,3 миллиард юань (2,5 миллиард доллар) сарфлаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, коронавирусни юқтириб олганлар сони қарийб 35 минг кишига етган. Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси касалликка чалинганлар сонини 37 мингдан ортиқ демоқда. Вирус оқибатида вафот этганлар сони 900 кишидан ошиб кетди, 2,1 мингдан ортиқ одам даволанишга муваффақ бўлган.

Лондондаги Гигиена ва тропик касалликлар тадқиқоти мактаби олимларининг фикрича, февраль ойининг иккинчи ярмида вируснинг тарқалиши ўзининг чўққисига чиқади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адан Гебрейесус коронавирусга қарши курашда ниқоблардан оқилона фойдаланишга чақирди. Ташкилот ҳимоя воситаларига талаб 100 баравар, унинг нархи эса 20 баравар ошишини тахмин қилмоқда.