Хитойда янги турдаги коронавирус қурбонлари сони 908 кишига етди. Бу ҳақда Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси ахборотида сўз боради. Куни кеча мамлакатда янги касаллик оқибатида 811 киши вафот этгани маълум қилинган эди.

Фото: EPA

Мамлакат бўйлаб олинган маълумотларга кўра, Хитойда янги коронавирус билан касалланиш билан боғлиқ 40 171 ҳолат қайд этилган — 35 982 киши ҳозирда даволанишда, шундан 6 484 кишининг аҳволи оғир, яна 3 281 кишига шифохонадан жавоб берилган.

Бундан ташқари, Гонконгда 36 та касалланиш ҳолати қайд этилган (бир киши вафот этган), Макаода 10 нафар бемор аниқланган ва ҳозиргача улардан бирига уйига жавоб берилган, Тайванда эса 18 киши касалланган (у ерда ҳам бир кишига жавоб берилган).

Лондондаги Гигиена ва тропик касалликлар тадқиқоти мактаби олимларининг фикрича, февраль ойининг иккинчи ярмида вируснинг тарқалиши ўзининг чўққисига чиқади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адан Гебреесус коронавирусга қарши курашда ниқоблардан оқилона фойдаланишга чақирди. Ташкилот ҳимоя воситаларига талаб 100 баравар, унинг нархи эса 20 баравар ошишини тахмин қилмоқда.