Жеймс Уэбб – коинотга учишни режалаштираётган фазогирнинг исми-шарифи эмас, балки телескоп номидир. У ҳақда «Дарё» аввал ҳам мақола берганди. 1990 йилдан бери орбитада ишлаб келаётган Хаббл телескопининг ўрнини эгаллаши кўзда тутилган Жеймс Уэбб 2019 йилнинг сентябрида йиғиб бўлинган ва режага кўра, 2021 йил мартида L2 Лагранж нуқтасига чиқарилиши керак эди.

Фото: NASA

Бироқ АҚШ ҳисоб палатасининг 28 январь куни эълон қилинган ҳисоботига кўра, Жеймс Уэбб телескопининг учирилиши 2021 йил мартидан кейинга қолдирилиши мумкин экан. Телескопнинг белгиланган вақтда учирилиши эҳтимоли атиги 12 фоиз деб баҳоланган ва катта эҳтимол билан у муддатидан кечиктирилиши тайин. Яъни телескопнинг орбитага чиқарилиши қолдирилиши ойдинлашмоқда. Бунинг сабаби, юзага келган айрим техник муаммоларни бартараф этиш ва космик расадхонани янада мукаммаллаштириш имкони борлиги билан боғланган. Мутахассислар, телескоп учирилишининг аниқ санасини айтишга ҳали шошилишмаяпти ва бу қайта текширувлардан кейин, шу йилнинг баҳор ойларида аниқ бўлади дейишмоқда. Шунга кўра, Жеймс Уэбб телескопининг учирилиши уч ёки тўрт ойга кечиктирилиши мумкин экан.

Кўзда тутилаётган ушбу қўшимча ишлар албатта лойиҳа қийматига таъсир кўрсатмай қолмайди. 2018 йил баҳорида аллақачон 9,66 миллиард доллар харажат келтирган ушбу йирик лойиҳа эндиликда янада қимматроққа тушиши тайин.